Шу йилнинг 20 майидан 11 июнига қадар Аргентина мамлакатида U20 жаҳон чемпионати мусобақаси бўлиб ўтади. Бутун дунё нигоҳи қаратиладиган ушбу катта футбол форумига қуръа ташлаш жараёни ўтказилди. Осиё чемпиони – Ўзбекистон “А” гуруҳида мезбон – Аргентина, шунингдек, Янги Зеландия ва Гватемала билан бирга жой олди. Аҳамиятлиси, терма жамоамиз жаҳон чемпионати очилиши учрашувини Аргентинага қарши ўйин билан бошлайди.
Юртимизда ёшлар билан ишлаш бўйича етакчи мутахассислардан бири, Осиё чемпиони Дилшод Нуралиев U20 терма жамоамиз жой олган гуруҳ, илк ўйин ва мундиалдаги потенциалимиз ҳақида фикр билдирди.
"Жаҳон чемпионатида бўш рақибларнинг ўзи бўлмайди, - дея сўзини бошлади Нуралиев. - Ўйлайманки, яхши қуръа бўлди. Мезбон жамоа билан Ўзбекистон кейинги босқичга чиқади, деб умид қиламан. Вакилларимиз гуруҳда яхши ўйинлар кўрсата олади ва умуман, мундиалда барчамизни хурсанд қиладилар. Аргентина ўз уйида ўйнайди, уларга ҳам босим бўлади. Равшан ака Ҳайдаров жуда тажрибали мутахассис. Тўғри тактик услубни қўллай олсалар, Аргентина билан ҳам ўйнаса бўлади. Рақибларга қарши тўғри ва аниқ тактикалар танланса, натижаларимиз ажойиб бўлади. Яхши қуръа бўлибди, ишонаманки, натижаларимиз ижобий бўлади.
Аргентина уйида ўйнайди, биринчи ўйин ва уларга ғалаба керак бўлади. Табиийки, мезбонлар кўпроқ ҳужумга аҳамият қаратадилар. Лекин бизда албатта имкониятлар бўлади. Учрашувнинг яхши натижа билан тугашининг эҳтимоли катта.
Албатта, Осиё чемпионимиз ва шунга яраша жиддий тайёргарлик кўрилади. Ахир бекордан-бекорга қитъа чемпионлиги қўлга киритилмайди. Рақиблар ҳам бизга қарши жиддий “настрой” қилиш ҳаракатида бўладилар. Барибир Осиё чемпионатида футболчиларимизнинг кўрсатган ўйини, мураббийнинг тўғри тактика танлай олгани, ҳар бир учрашувга алоҳида ёндошгани одамни хурсанд қилди. Ишонаманки, терма жамоамиз жаҳон чемпионатида яхши натижалар кўрсатиб, футбол ишқибозларимизни қувонтиради.
Потенциал? Бир нарса дейиш қийин. Бу жаҳон чемпионати дейилади. Бу ўзига яраша улкан футбол байрами. Бу ерда катта руҳий жараён ҳам муҳим саналади. Европа ва яна бошқа қитъаларда бўлгани каби бизнинг Осиё қитъамизда ҳам футбол анча ривожланди, рақобатбардош бўлди. Равшан ака Ҳайдаров терма жамоамиз билан гуруҳдан чиқади. У ёғига Худо бериб, яна юришини давом эттира олади. Мениниг шахсий фикримча, терма жамоамиз камида 1\4 финалгача етиб боради. Терма жамоамиз мундиалда яхши натижа кўрсатса, қолган жамоаларимизга ҳам эътибор янада ошади. Ўзбекистон футболи ва унинг ривожи учун катта туртки бўлади, деб ўйлайман.
Осиё чемпионатида ҳимояда ўйнаган 3 та ўйинчимиз жуда ҳам ёқди. Балки фамилиялари бўйича адашиб қолишим мумкин. Қолаверса, “Пахтакор”да ўйнайдиган Аббос Файзуллаевнинг ўйини ҳам ёқди. Холдорхонов ҳам ажойиб таассурот қолдирди. “Рубин”даги легионеримиз Умарали Раҳмоналиевни алоҳида кўрсатиш мумкин. “Бунёдкор”даги йигит яхши таассурот қолдирди. Бир сўз билан айтганда, терма жамоамиздаги барча йигитларда хориж клубларида тўп суришга имконият бор. Барчаси ўз қўлларида. Бу катта бозор бўлади. Ажаб эмаски, жаҳон чемпионатидан кейин кўплаб футболчиларимиз Европа клубларига бориб ўйнашса! Осиё чемпионати кўрсатдики, кучли бўлсак кучлимизки, лекин бизни ҳеч бир рақибдан кам жойимиз йўқ. Яна қайтараман: жаҳон чемпионатида терма жамоамиз яхши натижа кўрсатади”, - дейди Дилшод Нуралиев.
Шуҳратбек Жўраев.
«Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг