Месси Аргентина терма жамоаси билан хайрлашув мактубини ёзди

Месси Аргентина терма жамоаси билан хайрлашув мактубини ёзди
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Лионель Месси Аргентина терма жамоаси сафидаги сўнгги ўйинини ўтказди ва ижтимоий тармоқ орқали мухлисларга миннатдорлик мактубини эълон қилди.
  • 39 ёшли футболчи ўртоқлик учрашувида Бенин устидан 3:0 ҳисобида қозонилган ғалабада 1 та гол уриб, 2 та голли узатмани амалга оширди.
  • Месси ўзининг ажойиб саёҳати давомида оиласи, дўстлари, жамоадошлари ва мураббийларига алоҳида таъсирчан миннатдорлик билдирди ҳамда Диего Марадона хотирасини ёдга олди.

39 ёшли футбол юлдузи Лионель Месси Аргентина миллий терма жамоасидаги фаолияти давомида уни қўллаб-қувватлаган, ҳар бир қадамида ёнида бўлган ва оғир дамларда далда берган барча инсонларга миннатдорлик билдирди. У ўзининг таъсирчан хайрлашув мактубини ижтимоий тармоқдаги саҳифасида эълон қилди.

Кеча, 7 октябрь куни Аргентина терма жамоаси ўртоқлик учрашувида Бенинни 3:0 ҳисобида мағлуб этди. Мазкур баҳс Лионель Месси учун миллий терма жамоа либосидаги сўнгги ўйинга айланди. Ҳужумчи учрашувни самарали ўтказиб, 1 та гол урди ва яна 2 та голли узатмани амалга оширди.

Учрашувдан сўнг Месси ўз ҳис-туйғуларини мактуб орқали мухлислари билан бўлишди.

“Кеча менинг сўнгги ўйиним бўлди ва мен аллақачон шу рангдаги либосни кийишни соғиниб улгурдим. Мен тўғри қарор қабул қилаётганимни биламан. Бу қувонч ва қайғуларга бой ажойиб саёҳат бўлди. Ҳар бир қадам бунга арзирли бўлганини англадим. Айтмоқчи бўлган гапларим ҳали жуда кўп. Ҳис қилаётган барча туйғуларимни бир неча сўз ёки битта хабар билан ифодалай олмайман”, деб ёзди Месси.

Футболчи Аргентина терма жамоасидаги узоқ йиллик фаолияти давомида эришилган натижаларда унинг оиласи, яқинлари, дўстлари, жамоадошлари ва мураббийларининг ҳиссаси катта бўлганини алоҳида таъкидлади.

“Бу сафар оиламсиз амалга ошмас эди. Улар доимо ёнимда бўлишди ва айниқса, менга энг керак бўлган қийин пайтларда қўллаб-қувватлашди. Дўстларим, барча жамоадошларим ва мураббийларим ҳам мен учун беқиёс аҳамиятга эга бўлди”, дейди аргентиналик футболчи.

Месси ўз мактубида Аргентина футболи афсонаси Диего Марадона хотирасини ҳам алоҳида ёдга олди. У мамлакат футболи ривожига катта ҳисса қўшган афсонани унутмаслигини таъкидлади.

“Мамлакатимизни муносиб даражага олиб чиққан ва ҳар бир қадамда ёнимизда бўлган, ҳатто осмондан ҳам бизга ёрдам берган Диегони унутишни истамайман”, дея қўшимча қилди у.

Месси Аргентина билан қандай совринларни қўлга киритган?

Маълумот учун, 39 ёшли Лионель Месси 2023 йилдан буён MLS вакили “Интер Майами”да тўп тепмоқда. У фаолияти давомида Европанинг машҳур клублари — “Барселона” ва “Пари Сен-Жермен” сафида ҳам майдонга тушган.

Месси Аргентина терма жамоаси билан 2022 йилги Жаҳон чемпионатида, 2021 ва 2024 йилларда Америка Кубогида, шунингдек, 2008 йилги Олимпиадада ғолиб чиққан.

Аргентиналик юлдуз миллий терма жамоа сафида жами 208 та учрашувда майдонга тушиб, 126 та гол муаллифи бўлган. Шу тариқа Месси Аргентина терма жамоаси тарихида ўтказилган ўйинлар ва урилган голлар сони бўйича мутлақ рекордчи ҳисобланади.

Унинг миллий жамоадаги сўнгги ўйини ҳам ўзига хос тарзда якунланди: Месси гол урди, икки бор шерикларини голли узатма билан таъминлади ва Аргентина Бенин устидан йирик ҳисобда ғалаба қозонди.

Эндиликда футбол мухлислари учун Мессининг Аргентина терма жамоаси либосидаги ўйинлари хотирага айланади. Бироқ унинг миллий жамоа билан қўлга киритган тарихий совринлари, рекордлари ва футболда қолдирган изи узоқ йиллар давомида ёдда қолиши шубҳасиз.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар