Бугун ЎФА раҳбарияти Аргентинада бўлиб ўтган U20 Жаҳон чемпионатида иштирок этиб қайтган Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси билан учрашди.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси президенти Абдусалом Азизов ёшларимизга футбол жамоатчилиги номидан мундиалдаги иштирок учун миннатдорчилик билдирди. Мазкур мусобақадаги иштирок таҳлил қилган ҳолда, қайси йўналишларда янада кўпроқ ишлаш кераклигини кўрсатиб берганини айтди. Ушбу футболчиларимизга ишонч билдирилиб, ўз ишига профессионал ёндашса, футболдан чалғимаса, имкониятлардан унумли фойдаланса, келажакда олимпия ва миллий жамоалардан мустаҳкам жой эгаллаши мумкинлиги таъкидланди. Бу борада ўз устида янада қаттиқ ишлаб, бор куч-ғайратини сарфлашлари зарур.
ЎФА раҳбари терма жамоалар таркибини янада кучайтириш, футболчиларнинг жисмоний, руҳий ҳамда тиббий ҳолати устида ишлаш бўйича тегишли топшириқлар берди. Мазкур терма жамоада иқтидорли футболчилар кўп эканлиги, улар катталар ўртасидаги мусобақаларда янада юқори натижалар қайд этишларига ишонч билдирилди.
Ўз навбатида, жамоа бош мураббийи Равшан Ҳайдаров, етакчи футболчилар Умарали Раҳмоналиев ва Аббосбек Файзуллаев ЎФАга эътибор ҳамда тайёргарлик учун яратилган шароитлар учун миннатдорчилик билдирди.
ЎФА матбуот хизмати
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг