Европа Лигасида драматик натижалар: баъзилар ютди, баъзилар қийналди

Европа клуб футболидаги нуфузли мусобақалардан бири саналган UEFA Европа Лигасида 1/8 финал босқичининг дастлабки учрашувлари якунланди. Қизғин ва муросасиз курашлар билан ўтган бу баҳслар мухлисларга бир қатор кутилмаган натижаларни ҳам тақдим этди. Айрим жамоалар ўз майдонида устунликка эришган бўлса, бошқалар эса охирги дақиқаларда омаддан қуруқ қолди.
Испанияда бўлиб ўтган учрашувда "Сельта" ўз майдонида «Лион»ни қабул қилди. Уй эгалари ўйиннинг 25-дақиқасида Руэданинг голи орқали ҳисобни очишга муваффақ бўлишди. Бироқ учрашувнинг сўнгги лаҳзаларида француз жамоаси таслим бўлмади. 88-дақиқада Эндрик ҳисобни тенглаштириб, “Лион”ни мағлубиятдан қутқариб қолди. Шу билан бирга 55-дақиқада Иглесиас майдондан четлатилиб, испан клуби ўйинни камчиликда давом эттиришга мажбур бўлди.
Селта — Лион 1:1
Голлар: Руэда (25) — Эндрик (88).
Четлатиш: Иглесиас (55, Селта).
Англиядаги баҳсда эса «Ноттингҳэм Форест» ўз майдонида Даниянинг «Мидтюлланд» клубига қарши майдонга тушди. Меҳмонлар сабр-тоқат билан ҳужумлар ташкил этиб, 80-дақиқада Чо Ҳё Сон томонидан урилган гол орқали минимал ҳисобда ғалабани қўлга киритишди.
Ноттингҳэм Форест — Мидтюлланд 0:1
Гол: Чо Ҳё Сон (80).
Бельгияда ўтган учрашувда "Генк" Германиянинг "Фрайбург" жамоасини қабул қилди. Уй эгалари ўйиннинг 24-дақиқасида Ал Уаҳди томонидан киритилган гол эвазига муҳим ғалабага эришди.
Генк — Фрайбург 1:0
Гол: Ал Уаҳди (24).
Венгрияда эса "Ференцварош" ўз майдонида Португалиянинг "Брага" клубини қабул қилди. Мазкур баҳсда майдон эгалари анча ишончли ҳаракат қилди. Каничовски 32-дақиқада ҳисобни очган бўлса, Жозеф 69-дақиқада яна бир гол уриб, жамоасига 2:0 ҳисобидаги ишончли устунликни тақдим этди.
Ференцварош — Брага 2:0
Голлар: Каничовски (32), Жозеф (69).
Шу тариқа, 1/8 финал босқичининг биринчи учрашувлари бир қатор қизиқарли ва кутилмаган натижалар билан якунланди. Энди барча эътибор жавоб беллашувларига қаратилган. Улар 19 март куни бўлиб ўтади ва айнан ўша ўйинлар қайси жамоалар кейинги босқичга йўл олишини ҳал қилади. Футбол мухлислари эса янада кескин ва драматик баҳсларни интизорлик билан кутмоқда.