Криштиано Роналдо 2030-йилги Жаҳон чемпионатида иштирок этадими?

Португалия футбол федерацияси президенти Педро Proенка 2030-йилги Жаҳон чемпионатида Криштиано Роналдо терма жамоа сафида майдонга тушиши борасидаги саволларга жавоб берди. Ал-Насср юлдузи ҳамон миллий жамоанинг асосий фигураси бўлиб қолаётган бўлса-да, унинг 45 ёшида йирик турнирда қатнашиш имкониятлари мутахассислар томонидан шубҳа остига олинмоқда. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Proенка Бола Бранка конференциясида сўзга чиқиб, физиологик омиллар сабабли Роналдонинг навбатдаги мундиалда футболчи сифатида қатнашиши катта сюрприз бўлишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, 2030-йилга бориб ҳужумчининг жисмоний ҳолати бундай юқори даражадаги мусобақа талабларига жавоб бермаслиги мумкин, бироқ ҳаммаси ўша вақтдаги мураббийлар штаби ва футболчининг ҳолатига боғлиқ бўлади.
Федерация раҳбари Криштиано Роналдо фаолиятини якунлаганидан сўнг ҳам Португалия футболида исталган ролни эгаллаши мумкинлигини билдирди. "Криштиано Португалия футболида ким бўлишни истаса, ўша бўлади. Бу нафақат спорт нуқтаи назаридан, балки бренд ва маркетинг салоҳияти бўйича ҳам ноёб ҳолатдир", — дея қўшимча қилди Proенка.
Шунингдек, Педро Proенка терма жамоанинг келажаги ҳақида гапирар экан, Роналдонинг кетиши фожиа сифатида қабул қилинмаслиги кераклигини айтди. Федерация ҳозирда молиявий ва спорт барқарорлигини таъминлаш учун фақат бир ёки икки нафар юлдуз футболчига боғланиб қолмаслик стратегияси устида ишламоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!