Нюкасл Юнайтед Нигериялик Неймар учун 24 миллион евро таклиф қилди

Англия Премер-лигаси вакили Нюкасл Юнайтед ёзги трансфер ойнаси учун ўз режаларини жадаллаштириб, Швециянинг AIК клуби ёш юлдузи Задок Ёҳанна учун расмий 24 миллион евролик таклиф юборди. Портловчи ўйин услуби туфайли "Нигериялик Неймар" лақабини олган 18 ёшли вингер Европа футболидаги энг талабгир иқтидорлардан бирига айланди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Sky Sports Германй журналисти Флориан Плеттенберг ва Швециянинг Эхпрессен нашри хабарига кўра, Эдди Хау жамоаси ҳужум чизиғини кучайтириш мақсадида Ёҳаннани асосий мақсад сифатида белгилаган. Агар ушбу трансфер 24 миллион евро эвазига амалга ошса, у Швеция чемпионати тарихидаги энг қиммат сотувга айланади ва Скандинавия футболи учун рекорд натижани қайд этади.
Иқтидорли футболчи учун курашда Нюкасл Юнайтед ёлғиз эмас. Брайтон ҳам ушбу пойгада фаол иштирок этмоқда ва хабарларга кўра, футболчи билан шахсий келишувга эришиб бўлган. Бироқ, "Ҳаккалар" ўзларининг молиявий имкониятлари ва Шимолий Англиядаги лойиҳа орқали Брайтонни ортда қолдиришга умид қилмоқда.
Задок Ёҳанна ўзининг тезлиги ва дриблинг маҳорати билан скаутлар эътиборини тортган. Чап оёқда ҳаракат қиладиган ўнг қанот вингери сифатида у замонавий футбол талабларига тўлиқ жавоб беради. У жорий мавсумда барча мусобақаларда 12 та ўйинда майдонга тушиб, 5 та гол ва 4 та ассист муаллифига айланди.
Нигериялик иқтидор эгасига Реал Мадрид, Боруссия Дортмунд ва Тоттенхем каби гранд клублар ҳам қизиқиш билдирмоқда. Шунингдек, Франциянинг Ренн клуби ҳам вазиятни яқиндан кузатиб бормоқда. Эдди Хау Ёҳаннанинг хом иқтидорини Премер-лига даражасига олиб чиқишига ишонмоқда.





























Изоҳлар 0
…