Жавоҳир Синдаров АҚШда 425 минг долларлик турнирда куч синашади

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдаров АҚШнинг Сент-Луис шаҳрида бўлиб ўтадиган 425 минг долларлик Клутч Чесс: Чампионс Шовдовн турнирида иштирок этади.
- 27–29 октябр кунлари ўтказиладиган мусобақада Синдаров Ҳикару Накамура, Фабиано Каруана ва Ramешбабу Прагнанандха билан куч синашади.
Ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдаров жаҳон чемпионлиги учун бўладиган баҳс олдидан АҚШнинг Сент-Луис шаҳрида ўтказиладиган Clutch Chess: Champions Showdown турнирида иштирок этади. Бу ҳақда халқаро шахмат нашрлари хабар берди.
Мусобақа 27–29 октябрь кунлари бўлиб ўтади. Синдаровнинг рақиблари америкалик гроссмейстерлар Ҳикару Накамура ва Фабиано Каруана, шунингдек, ҳиндистонлик Рамешбабу Прагнанандха бўлади.
Турнирда тўрт нафар шахматчи иштирок этади. Ҳар бир иштирокчи қолган уч рақибига қарши оқ ва қора доналарда икки мартадан ўйнайди. Шу тариқа, ҳар бир шахматчи бир кунда олтита, мусобақа давомида эса жами 18 та партия ўтказади. Барча баҳслар 10 дақиқа ва ҳар бир юриш учун қўшимча беш сония бериладиган тезкор шахмат форматида бўлиб ўтади.
Мусобақанинг умумий соврин жамғармаси 425 минг долларни ташкил этади. Биринчи ўрин соҳиби 125 минг, иккинчи ўрин эгаси 94 минг, учинчи ўринни олган шахматчи 72 минг, тўртинчи ўрин соҳиби эса 62 минг доллар мукофот олади. Бундан ташқари, ҳар бир ўйин кунидаги ғалабалар учун алоҳида пул мукофотлари ҳам берилади.
Турнирнинг ўзига хос жиҳати — кунлар ўтиши билан ғалаба учун бериладиган очколар сони ортиб боради. Биринчи куни ғалаба бир очко, иккинчи куни икки очко, учинчи куни эса уч очко билан баҳоланади. Бу тизим ортда қолаётган шахматчиларга мусобақанинг сўнгги кунида ҳам вазиятни ўзгартириш имконини беради.
Мазкур турнир Жавоҳир Синдаров учун жаҳон чемпионлиги баҳси олдидан муҳим тайёргарлик босқичи бўлади. Ўзбекистонлик гроссмейстер ноябрь ойида амалдаги жаҳон чемпиони Ҳиндистон вакили Доммаражу Гукешга қарши шахмат тожи учун баҳс олиб боради.






























Изоҳлар 0
…