Тошкентда 1 сентябрдан автобусларда йўл ҳақини тўлаш тартиби ўзгаради.

“Шаҳар йўловчи транспорти тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қарорга кўра, 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб Тошкент шаҳар автобусларида йўл ҳақини автобусга чиқиш вақтида тўлаш тартиби жорий этилади. Йўловчилар тўловни валидатор орқали транспорт картаси, банк картаси, смартфон ёки бошқа контакциз электрон тўлов воситалари (NFC, QR, Biometric ва бошқалар) ёрдамида амалга ошириши мумкин. Имтиёзли қатнов ҳуқуқига эга шахслар эса ижтимоий ёки транспорт картасини валидаторга теккизиб тасдиқлайди.
Белгиланган тартибда тўлов амалга оширилмаса ёки тасдиқланмаса, йўловчи чиптасиз ҳаракатланган деб ҳисобланади.
Шунингдек, ҳайдовчи билан бирга 60 нафар ва ундан ортиқ йўловчи ташишга мўлжалланган, “Евро-5” ва ундан юқори экологик талабларга жавоб берадиган янги автобус, электробус ва троллейбусларни 2027 йил 31 декабрга қадар импорт қилишда утилизация йиғимининг нол ставкаси қўлланилади.
Бундан ташқари, жорий йилнинг 1 сентябрига қадар пойтахт жамоат транспорти ҳамда шаҳар атрофи темир йўл қатновлари учун ягона интеграциялашган тўлов тизимини жорий этиш режалаштирилган.





























Изоҳлар 0
…