Қишлоқ хўжалигига янги енгиллик: дизел учун субсидия берилади

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасини қўллаб-қувватлашга қаратилган яна бир муҳим қарор қабул қилинди. Унга кўра, айрим агро-корхоналарга дизел ёқилғиси харажатларини қисман қоплаш учун субсидия ажратилади. Бу ҳақда Ҳуқуқий ахборот Телеграм канали орқали маълум қилинди.
Ҳужжатга асосан, 2026 йил 1 апрелдан 1 июльгача бўлган даврда қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан биржа савдолари орқали харид қилинган ҳар бир тонна дизел ёқилғиси қийматининг 13 миллион сўмдан ошган қисми учун субсидия берилади. Бунда ажратиладиган маблағ миқдори 2 миллион сўмдан ортиқ бўлмаслиги белгиланган.
Мазкур молиявий кўмак республика бюджети ҳисобидан Аграр соҳада тўловлар агентлиги орқали тақдим этилади. Ушбу механизм фермер ва агро-корхоналар учун ёқилғи харажатларини камайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Шунингдек, фармонга мувофиқ, 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасининг айрим субсидия ажратиш ваколатлари мазкур агентликка ўтказилади.
Янги тартибга кўра, қишлоқ хўжалиги субъектларига ўз маблағлари ва тижорат банклари кредитлари ҳисобидан етиштирилган пахта хомашёсини биржада сотишда расмийлаштирилган электрон ҳисобварақ-фактура қийматининг бир қисмини қоплаш учун субсидия берилади.
Бундан ташқари, пахта-тўқимачилик кластерлари ҳамда ип-калава ишлаб чиқариш занжирига эга корхоналар томонидан ўз маблағлари эвазига харид қилинган пахта хомашёсининг бир қисмини қоплаш механизми ҳам эндиликда агентлик ваколатига ўтказилади.
Мутахассислар фикрича, ушбу янгиликлар қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг харажатларини камайтириш ва соҳада самарадорликни оширишга хизмат қилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!