1 октябрдан Ўзбекистонда нималар ўзгаради ?

1 октябрдан Ўзбекистонда нималар ўзгаради ?

1 октябрдан Ўзбекистон ҳаётининг турли соҳаларида қатор янги тартиб ва қоидалар амал қила бошлайди. Жумладан, Тошкентда автобус ва метро тарифлари ўзгаради, айрим тоифадаги фуқароларга шаҳарлараро транспортда бепул ёки имтиёзли чипталар тақдим этилади.

Шунингдек, мамлакат бўйлаб “Тозалик ва озодалик” икки ойлиги бошланади, гўшт ва электротехника соҳаларига янги субсидия ҳамда кредитлар ажратилади. Пенсия ва ижтимоий ҳимоя тизимида ҳам янги имкониятлар пайдо бўлади. Айрим ҳудудларда таълим, тадбиркорлик ва аҳоли бандлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган чоралар ҳам кучга киради.

Республика бўйлаб “Тозалик ва озодалик” икки ойлиги бошланади

2026 йил 1 октябрдан Ўзбекистон ҳудудида “Тозалик ва озодалик” долзарб икки ойлиги ўтказилади. Унинг дастлабки босқичида яшил ҳудудларнинг жойлашуви аниқланиб, ер майдонлари кўчат экишга тайёрланади. Шу билан бирга, кўчат ва буталар захирасини шакллантириш ишлари ҳам амалга оширилади.

Кўчат экиш мавсуми ҳудудларнинг иқлим шароитига қараб турли саналарда бошланади. Хусусан, Қорақалпоғистон ва Хоразмда 1 ноябрдан, Бухоро ва Навоийда 5 ноябрдан кўчат экишга киришилади.

Андижон, Жиззах, Самарқанд, Сирдарё, Наманган, Тошкент ва Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида мавсум 10 ноябрдан бошланади. Сурхондарё ва Қашқадарёда эса кўчат экиш ишлари 20 ноябрдан йўлга қўйилади.

Шунингдек, 2027 йил 1 январдан “Яшил маҳалла” лойиҳаси доирасида “Маҳаллани яшиллаштириш” пакети жорий этилади. Унинг доирасида маҳаллаларга ўрмончи-мураббийлар бириктирилади.

Тошкентда автобус ва метро йўл ҳақи 2 500 сўм бўлади

1 октябрдан пойтахт жамоат транспортида карта орқали тўланадиган йўл ҳақи 1 700 сўмдан 2 500 сўмга оширилади. Нақд пулда тўлаш тарифи эса ўзгармай, 3 000 сўм бўлиб қолади.

Транспорт картасидан фойдаланган йўловчи автобусдан бошқа автобусга бир соат ичида ўтса, иккинчи қатнов учун 1 500 сўм тўлайди. Учинчи ва тўртинчи автобусларда эса қўшимча йўл ҳақи ундирилмайди.

Метро бўйича эса бир соатлик тариф доирасида фақат бир марта фойдаланиш имкони берилади.

Бир кунлик автобус тарифи 11 500 сўм, 30 кунлик тариф эса 250 минг сўм этиб белгиланади. Метродан фойдаланишнинг кунлик тарифи 13 500 сўм, ойлик тарифи эса 345 минг сўмни ташкил қилади.

Олмаота—Тошкент поездида аёллар вагони пайдо бўлади

1 октябрдан Олмаота—Тошкент халқаро поезд йўналишида илк бор аёллар учун алоҳида вагон қатнови йўлга қўйилади.

Ушбу вагон учун чипталар фақат хотин-қизларга сотилади. Йўловчиларга эса аёл кузатувчилар хизмат кўрсатади.

Шу билан бирга, катталар ҳамроҳлигида бўлган 7 ёшгача бўлган ўғил болаларнинг ҳам мазкур вагонда сафар қилишига рухсат берилади.

Чипталарни темир йўл кассаларидан ёки bilet.railways.kz сайти орқали харид қилиш мумкин.

Айрим фуқаролар шаҳарлараро транспортда имтиёзга эга бўлади

1 октябрдан уруш ногиронлари ва иштирокчилари, уларга тенглаштирилган шахслар, шунингдек, Чернобил АЭСдаги ҳалокат оқибатида нурланиш касаллигига чалинган фуқаролар учун шаҳарлараро транспортда янги имтиёзлар амал қилади.

Уларга ҳаво, темир йўл ва шаҳарлараро автобус транспортида бепул ёки 50 фоиз чегирма асосида чипталар берилади.

Имтиёзли чиптани расмийлаштиришда фақат ID-карта ёки биометрик паспорт талаб қилинади.

2027 йил 1 январдан эса мазкур чипталарни “Ижтимоий карта”нинг “Барака” мобил иловаси орқали ҳам харид қилиш имконияти яратилади.

Қорақалпоғистонда хусусий боғча очувчиларга 7 фоизли кредит

Қорақалпоғистонда хусусий мактабгача таълим ташкилотини очиш ниятидаги тадбиркорларга имтиёзли кредит ажратилади.

Кредит 15 йил муддатга, шу жумладан 5 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 7 фоиз ставкада берилади.

Мамлакатнинг бошқа ҳудудларида эса кредит фоизи ҳудуднинг марказдан қанчалик узоқ жойлашганига қараб 7 фоиздан 15 фоизгача белгиланади.

Совитилган мол ва қўй гўшти импортига субсидия берилади

2026 йил 1 октябрдан тадбиркорлик субъектларига совитилган мол ва қўй гўштини хориждан олиб киришда ҳар бир килограмм маҳсулот учун 2 500 сўмдан субсидия ажратилади.

Мазкур қўллаб-қувватлаш механизми 2027 йил 1 июнга қадар амал қилиши белгиланган.

Бундан ташқари, 2026 йил ҳосили учун пахта хомашёсининг ҳар бир тоннасига 500 минг сўмдан субсидия ажратилади. Ўзига бириктирилган ер майдонларида пахта етиштирган пахта-тўқимачилик кластерларига эса ҳар бир гектар учун 1,5 млн сўмдан субсидия берилади.

Бухоронинг тарихий ҳудудида айрим транспорт воситалари чекланади

1 октябрдан Бухоро шаҳрининг тарихий қисмида электроскутер, электросамокат, мопед, тўрт ғилдиракли велосипед ва картингдан фойдаланишга чеклов жорий этилади.

Бундан ташқари, ушбу ҳудудда от ва туяда ҳаракатланиш ҳам чекланади.

Янги тартиб Арк қўрғонидан Пойи Калон ансамбли, Ҳақиқат кўчаси орқали Лаби Ҳовуз ансамблигача бўлган ҳудудни қамраб олади.

Қарор туристлар ва пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, жароҳатланиш билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида қабул қилинган.

Ишламайдиган оила аъзолари учун ижтимоий солиқ тўлаш имкони пайдо бўлади

1 октябрдан фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида меҳнат қилаётган шахслар ўзини ўзи банд қилган шахслар учун белгиланган миқдорда ижтимоий солиқ тўласа, уларга бир йиллик иш стажи автоматик тарзда ҳисобланади.

2027 йил 1 январдан эса расмий даромадга эга фуқаролар ишламайдиган оила аъзоларининг иш стажини шакллантириш учун ҳар ой ихтиёрий равишда ижтимоий солиқ тўлаш ҳуқуқига эга бўлади.

Бунинг учун ҳар ой 163 200 сўм, яъни меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 12 фоизи миқдорида ижтимоий солиқ тўлаш мумкин.

Электротехника корхоналарига 5 млн долларгача кредит ажратилади

1 октябрдан электротехника саноатида фаолият юритаётган корхоналарнинг айланма маблағларини кўпайтириш мақсадида тижорат банклари орқали 5 млн долларгача кредит бериш йўлга қўйилади.

Кредитлар икки йилгача муддатга, уч ойлик имтиёзли давр билан йиллик 6 фоиз ставкада ажратилади.

Шунингдек, кредитнинг 50 фоизигача бўлган қисмига давлат кафиллиги берилади. Бироқ кафиллик миқдори 20 млрд сўм эквивалентидан ошмаслиги керак.

Электротехника, электроника ва робототехника соҳаларига камида 50 млн доллар инвестиция киритадиган таянч инвесторлар учун ҳам қатор имтиёзлар белгиланади.

Жумладан, улар 10 йил муддатга ер, мол-мулк ва фойда солиқларидан озод этилади.

Хавфли чиқиндилар бўйича корхоналар янги ҳисобот тартибига ўтади

1 октябрдан хавфли чиқиндилар ҳосил қилувчи корхоналар йил якуни бўйича статистик ҳисоботларни шакллантириб, Чиқиндиларни бошқариш ва сиркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигининг ҳудудий бошқармаларига тақдим этади.

Бундан ташқари, корхоналар ҳар чорак якунида, кейинги ойнинг 20-санасига қадар, йиллик режа кўрсаткичлари, ҳосил бўлган чиқиндилар миқдори ва уларнинг кейинги ҳаракати ҳақидаги маълумотларни агентликнинг ахборот тизимига киритиб бориши лозим.

Ўзбекистонда 2030 йилгача хавфли саноат чиқиндиларини қайта ишлаш даражасини 20 фоизга етказиш мақсади белгиланган.

Хоразм ва Навоийда ногиронлиги бўлган болалар эҳтиёжлари ўрганилади

1 октябрдан Хоразм ва Навоий вилоятларида алоҳида таълим эҳтиёжларига эга болаларнинг эҳтиёжларини эрта ва комплекс баҳолаш бўйича пилот лойиҳа ишга туширилади.

Баҳолаш жараёнида ижтимоий ходимлар ҳам иштирок этади.

2026/27-ўқув йилидан махсус мактабларда таълим жараёнини ҳар бир боланинг индивидуал эҳтиёжлари ва имкониятларидан келиб чиққан ҳолда тузилган ўқув режаси асосида ташкил этиш режалаштирилган.

Ногиронлиги бўлган болаларни ассистив воситалар билан ваучер асосида таъминлаш эса 2027 йилдан бошланиши кўзда тутилган.

Эҳтиёжманд оила аъзосини ишга олган корхоналарга имтиёз

1 октябрдан қишлоқ туманларида эҳтиёжманд оила аъзосини ишга қабул қилган корхоналар ушбу ходим учун 2 фоиз миқдорида ижтимоий солиқ тўлайди.

Мазкур механизм аҳолини иш билан таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ҳамда оилалар учун доимий даромад манбасини яратишга қаратилган.

15 октябрдан бизнесни рўйхатга олиш жараёни бошланади

Ўзбекистонда бизнесни рўйхатга олиш 15 октябрдан 30 ноябргача ўтказилади. Рўйхатга олиш жараёни мамлакат ҳудудида 2026 йил 1 октябрь ҳолатига амалга оширилади.

Шунингдек, 2027 йил якунига қадар аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш натижалари асосида аҳолининг статистик регистрини шакллантириш режалаштирилган.

Ушбу маълумотлар асосида аҳоли сонини ҳисоблаш ва уни мунтазам равишда эълон қилиб бориш амалиёти ҳам жорий этилади.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар