Хорижда ўзбек ресторанини очган тадбиркорга давлат харажатларнинг ярмини қоплаб беради

Хорижий давлатларда ўзбек миллий таомлари ресторанини очган ёки очишни режалаштираётган тадбиркорлар харажатларининг 50 фоизигача бўлган қисмини давлат субсидияси орқали қоплаши мумкин. Бу ҳақда Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг Телеграм-каналида маълум қилинди.
Қайд этилишича, мазкур хизмат Туризм қўмитаси томонидан бепул кўрсатилади. Ундан Ўзбекистонда расман рўйхатдан ўтган тадбиркорлар фойдаланишлари мумкин.
Субсидия олиш учун ариза берувчилар хорижда рўйхатдан ўтган ресторан ва бино ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиши лозим. Бундан ташқари, санитария ҳамда ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилганини тасдиқловчи маълумотлар, сарфланган харажатлар ва Ўзбекистондан маҳсулот етказиб берилганига оид ҳужжатлар талаб қилинади. Рестораннинг ички ва ташқи кўриниши акс этган фотосуратлар ҳам аризага илова қилинади. Зарур ҳолларда ҳужжатларнинг расмий таржимаси ҳам сўралиши мумкин.
Аризалар 18 иш куни ичида кўриб чиқилади. Маъқулланган тақдирда, субсидия маблағлари 7 иш куни давомида тадбиркорнинг банк ҳисобварағига ўтказилади. Агар ҳужжатларда камчиликлар аниқланса, уларни бартараф этиб, аризани қайта топшириш мумкин.
Тадбиркорлар субсидия олиш учун аризаларни my.gov.uz портали орқали юборишлари мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда айрим тиббиёт ходимларига уй-жой сотиб олиш учун субсидия ажратилиши ҳақида ҳам хабар берилган эди.































Изоҳлар 0
…