Деҳлидаги меҳмонхона ёнғини 21 инсон ҳаётига зомин бўлди

Деҳлидаги меҳмонхона ёнғини 21 инсон ҳаётига зомин бўлди


Ҳиндистон пойтахти Деҳлида содир бўлган йирик ёнғин кўплаб инсонлар ҳаётига нуқта қўйди. Фожиа оқибатида камида 21 киши ҳалок бўлгани маълум қилинди.

Reuters агентлигининг полиция маълумотларига таяниб хабар беришича, ҳодиса 3 июнь куни шаҳарнинг жанубий қисмида жойлашган Малвия Нагар туманидаги меҳмонхоналардан бирида юз берган.

Маълум бўлишича, меҳмонхонада яқин атрофдаги тиббиёт муассасаларига даволаниш учун келган хорижлик фуқаролар ҳам яшаб турган. Қурбонлар орасида 15 нафардан зиёд чет элликлар борлиги айтилмоқда.

Маҳаллий расмийлар ушбу воқеани сўнгги йилларда Деҳлида кузатилган энг оғир ёнғинлардан бири сифатида баҳоламоқда. Фавқулодда хизматлар тезкор ҳаракати туфайли камида 40 нафар инсоннинг ҳаёти сақлаб қолинган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин меҳмонхона биринчи қаватида жойлашган Lemon Green ресторанидан бошланган бўлиши мумкин. Айни пайтда воқеанинг аниқ сабаблари юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маҳаллий маъмурият вакили Житендра Кумарнинг билдиришича, ёнғин келиб чиқишида ресторан фаолияти билан боғлиқ омиллар асосий версия сифатида кўриб чиқилмоқда.

Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди содир бўлган воқеани “чуқур қайғули фожиа” деб атади. У ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдириб, жароҳатланганларга тезроқ соғайиш тилагини изҳор қилди.

Шунингдек, ҳукумат томонидан ҳалок бўлганларнинг яқинларига 2 лакҳ рупия, жароҳат олганларга эса 50 минг рупия миқдорида моддий ёрдам ажратилиши маълум қилинди.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Kamola Shuhratova
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар