5300 йиллик мумияда хавфли микроорганизмлар аниқланди

1991 йилда Ўтзтал Алп тоғларида топилган 5300 йиллик мумияда унинг аста-секин емирилишига сабаб бўлиши мумкин бўлган замбуруғ ва бактериялар аниқланди. Бу ҳақда Microbiome журналида чоп этилган тадқиқотда маълум қилинди.
Ҳозирда Эци номи билан танилган мис даври одамининг мумияси Жанубий Тирол археология музейида сақланмоқда. Мумия махсус ҳарорат ва намлик шароитида сақланаётган бўлса-да, бу чоралар микроорганизмлар фаолиятини тўлиқ тўхтата олмаяпти.
Тадқиқотчилар мумия териси, тўқималари, намлик намуналари ва у топилган ҳудуддан олинган тупроқни ўрганиб, замонавий ҳамда қадимий микроорганизмларни аниқлашга муваффақ бўлди. Уларнинг айримлари, жумладан, ичак бактериялари Эци ҳаётлигидаёқ унинг организмида мавжуд бўлгани маълум бўлди.
Мутахассислар мумия терисида оқсил, ёғ ва коллагенни парчалай оладиган совуққа чидамли замбуруғлар ҳамда фенолни парчаловчи бактерияларни ҳам аниқлаган.
Олимлар фикрича, мумияни сақлаб қолишнинг энг самарали усули уни қайта музлатиш ҳисобланади. Бироқ бу ҳолат уни илмий тадқиқотлар ва музей ташрифчилари учун ёпиб қўйиши мумкин. Шу боис музей ходимлари микроорганизмларни доимий кузатиб бориш ва эҳтимолий зарарни ўз вақтида аниқлашни режалаштирмоқда.





























Изоҳлар 0
…