20:45 / 27.09.2022
2 018

«Херсон учун ўлишни истамайман». Россиядаги сафарбарлик қандай кечмоқда?

«Херсон учун ўлишни истамайман». Россиядаги сафарбарлик қандай кечмоқда?
Сергей Фадеичев / ТАСС
Россия президенти Владимир Путин томонидан эълон қилинган «қисман сафарбарлик» бошланганига бир неча кун бўлди. Ҳукумат вакилларининг тинчлантирувчи нутқлари ва кўплаб ваъдаларига қарамай, чақирув қоғозлари шу қадар тартибсиз равишда юбориляптики, ҳатто тарғиботчилар ҳам хатолар ҳақида гапиришмоқда. Сафарбар қилинганларнинг айтишича, жараён Донецк сценарийси бўйича кетмоқда: улар дуч келганни ушлаб олиб, сафарбар қилишмоқда. Бунга жавобан, эркаклар Россиядан қочмоқда, яширинмоқда, норозилик билдириб, ҳарбий комиссариатларга ўт қўймоқда. BBC Россиядаги сафарбарлик билан боғлиқ жараён ҳақида ёзди.

«Ўта ҳиссиётли реакция»

Тула шаҳрида яшовчи 27 ёшли муҳандис Илья (исми ўзининг илтимосига кўра ўзгартирилган) 21 сентябр куни эрталаб соат 9 да уйғониб, президент Путиннинг қисман сафарбарлик ҳақидаги эълонини эшитди. «Уни эшитиш жараёнида қишки нарсаларимни йиғиштирдим. Аслида уруш бошиданоқ бунга тайёр эдим, лекин ҳали нарсаларимни сумкамга солиб қўймагандим, бундай бўлмаслигига умид қилардим», дейди у.

Тайёргарлик шундан иборат эдики, у танишининг паспортига янги SIM-карта олди, ҳарбий дўстининг қўшни вилоятдаги дачасида яшашни режалаштирди, у ерга етиб бориш йўлларини ўрганди. 24 февралда унда 200 минг рубл жамғарма бор эди, урушнинг 7 ойи давомида яна 150 минг рубл йиғиб қўйди.

«Мен Донецкдаги сафарбарлик ҳақидаги хабарларни ижтимоий тармоқларда диққат билан ўқиб чиқдим. Биринчи кунларданоқ эркакларни кўчаларда ушлаб олишаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бизда ҳам шундай бўлишини тушундим, шу сабабли олдиндан тайёргарлик кўрдим», деган у.

Ильянинг сўзларига кўра, унда бошқа вариант йўқ эди. Чет элга кетиш ҳақида сўралганда: «Мен у ерда кимга керакман?» дея кулади.

Илья Россияда ҳарбий комиссариатга керак эканини яхши тушунади. «Мен хизмат қилганман – бизда ҳамма хизмат қилади. Ҳарбий шартнома менга керак эмасди. Ҳарбий хизматдан қайтдим, ўқидим, ишладим», дейди у лўнда қилиб.

Илья танк қўшинларида хизмат қилган. Унинг ҳарбий дўсти контракт имзолаб, уруш бошланганидан кейин Украинага кетган. Икки ойдан кейин яраланиб, захирага ўтказилган ва қайтиб келган.

«Унинг миллати украи. У кимга қарши урушишнинг аҳамияти йўқ, аммо у ерда ҳамма нарса ёмон ташкил қилинган, урушга боришни ҳеч кимга маслаҳат бермайман, деди. У ҳали жароҳати учун пул олмаган», дейди Илья.

Изюм атрофидаги жангларда яксон этилган ҳарбий техникалар.
Iryna Rybakova / Ukrainian Military Unit Kholodnyi Yar / AP / Scanpix / LETA

Украинада содир бўлаётган воқеаларга қандай муносабат билдириши ҳақида сўралганида, Илья мутлақо аҳамият бермаслигини айтди: «Менга барибир, бу бошқа давлат. Херсон бизга нимага керак, бунинг учун ўлиб кетишни истамайман».

У уруш ҳақидаги хабарларни телеграм-каналларида кузатиб боради. Россияпарастларга хайрихоҳликда айбланган украиналик сиёсатчи Анатолий Шарийнинг блогини эслайди (ҳозир у Испанияда ва Украина уни экстрадиция қилишни талаб этмоқда). Рус манбалари орасида Навальний каналини ўқиб туради, суриштирувлар қизиқарли эканини, аммо ҳеч нарсани ўзгартирмаслигини айтади. У бирор марта норозилик намойишига чиқмаган ва ҳеч қачон бунга истак ҳам пайдо бўлмаган. У намойишларда қатнашаётганлар ҳақида сезиларли жирканиш билан гапиради: «Уларнинг қиладиган бошқа иши йўқ шекилли».

Энди ўзи нима қилишини ҳали билмайди. У қишлаш учун мўлжалланмаган дачада яшамоқчи. Консерва ва картошка сотиб олган, тежамкор ҳаёт кечиришни режалаштирган. «Онам билан телефонда хайрлашдим. У «сенга бундай тарбия бермаган эдим, энди ҳеч нарса билан ишинг бўлмайдими?» деди», дейди у. Илья янги телефон рақамини онасига бермасликка қарор қилди. Чунки ҳарбий комиссариат билиб қолишидан қўрқади.

«Яқинда бир хабарни ўқиб қолдим. Луҳанскда худди менга ўхшаш бир одам 6 ой яшириниб ўтирган. Сўнгра ўзини деразадан ташлабди. Рост ёки ёлғонлигини аниқласа бўладими?» деб сўрайди Илья хайрлашар экан.

23 сентябр куни Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков россияликларнинг сафарбарликка муносабатини «жазавали ва ўта ҳиссиётли» деб атади. Унинг сўзларига кўра, аввалига сафарбарлик ҳақида маълумот кам бўлган, ҳозир эса Мудофаа вазирлиги уни тўлиқ тақдим этмоқда.

«Ногиронлик ҳақидаги ҳужжатларни олди ва кетди»

Ўша куни ҳукуматпараст телеграм каналлари тармоғи менежери деб аталган Кристина Потупчик Россиядаги ҳарбий комиссариатлар бутунлай бошқа одамлар гуруҳини сафарбарликка чақириб, «президентга хиёнат қилаётгани»ни айтди.

«Кўп йиллар давомида йўл қўйилган хатоларни яшириш учун улар ҳарбий гувоҳномаси бўлмаган, зарур мутахассислиги йўқ, ҳарбий хизмат қилмаган, тиббий кўрикдан ўтмаган (ҳатто умуман тиббий кўрик ташкил қилинмаган) одамларни сафарбарликка чақирмоқда. Бир вақтнинг ўзида кўплаб кўнгиллилар ёлғон баҳоналар билан уйларига қайтариб юборилмоқда», деб ёзди у.

Иккинчи кунга келиб, сафарбарлик Путин ва Шойгу эълон қилганидек «қисман» эмаслиги маълум бўлди. Президент фармонига кўра, захирадаги аскарлар ва жанговар тажрибага эга бўлганлар урушга чақирилиши керак, бироқ чақирув қоғозлари дуч келган одамларга юборилмоқда, жумладан, умуман жанг қилмаслиги керак бўлганларга, масалан, кўп болали оталар, эълон қилинган ёшдан ошган ва соғлиғида муаммоси борларга.

Брянсклик 20 ёшли Еленанинг (у фамилиясини кўрсатмасликни сўради) отаси 23 сентябр куни сафарбарликка чақирилган. 50 ёшли эркак ишсиз, инсулинга боғлиқ диабет билан хасталанган. У эшикни очиб, чақирув қоғозига имзо чеккан. У ҳеч қачон армияда хизмат қилмаган, аммо 30 йил олдин институтнинг ҳарбий бўлимини тугатган. Қизи отасининг ҳарбий мутахассислиги борлигини билмаган.

Еленанинг айтишича, онаси билан биргаликда уни ҳарбий комиссариатга боришдан қайтаришга уринишган. Ота эса ўзининг ногирон эканини айтиб, урушга юбормасликларига ишонган.

«Дадам бизни ваҳимачилар деб атади, менда инсулинни узлуксиз юбориб турадиган помпа бор деди, ногиронлик тўғрисидаги ҳужжатларни олиб, ҳарбий қўмитага кетди. Шундан сўнг у қўнғироқларга жавоб бермай қўйди. Кейин эса бизникиларни Клинци шаҳрига жўнатишганини эшитдик», дейди Елена. Ҳатто видеоалоқа пайтида ҳам унинг қўллари қандай титраётганини кўриш мумкин эди.

Ижтимоий тармоқлардаги «ватанпарвар»ларнинг норозилиги

Клинци шаҳрида ўқув ҳарбий қисми жойлашган, у сўнгги кунларда урушни қўллаб-қувватловчи z-каналлардаги хабарлар туфайли машҳур бўлди. Блогер Юрий Подоляка, «Комсомольская правда» мухбири Дмитрий Стешин, публицист ва RT бошловчиси Егор Холмогоров ва бошқалар сафарбар қилинганларнинг анжомлари олиб қўйилаётганини ғазаб билан ёзишди.

«Клинцидаги ҳарбий қисмда сафарбар қилинганларнинг анжомлари олиб қўйилмоқда. Рухсат йўқ эмиш. Хуллас, тушундингиз. Одамлар ўз маблағлари ҳисобига урушга отланяпти, қандайдир аҳмоқ командир келиб, ҳаммасини тортиб олмоқда», деб ёзди Стешин.

24 сентябр куни Юрий Подоляка шундай деб ёзди: «Клинци ҳақида хабар беряпман. Сигнал манзилига етиб борди, ФХХ аллақачон жойида ишламоқда. Йигитларга тез орада ҳамма нарсаси қайтарилишини ваъда қилишганини айтишди».

Симферопол, 25 сентябр. Аннексия қилинган Қримдаги ҳарбий комиссариат биноси олдида.
Фото: DMITRY FEOKTISTOV/TASS

Еленанинг отаси қайтариладими ёки йўқми, ҳозирча номаълум. У 25 сентябр куни хотинига қўнғироқ қилиб, Клинцида эканини тасдиқлади, соғлиғи «жойида» эканини, ўзининг масаласи «ўрганилаётгани»ни айтди. Онаси Еленага ижтимоий тармоқларда чиқиш қилишни тақиқлади, вазият чигаллашиб кетишидан чўчиди. Шанба куни улар тарғибот каналларида ишга туширилган махсус ботларда ўзларининг аҳволи ҳақида хабар беришди.

«Биз Симонянга (Маргарита Симонян, RT бош муҳаррири), Поддубнийга (Евгений Поддубний, «Россия-24» каналида ҳарбий мухбир), Стешинга, «телеграм»да топилган барча каналларга ёздик. Ҳозирча жавоб бўлмади», дейди Елена. Агар отаси ҳафта давомида қайтиб келмаса, у онасининг тақиқини бузиб, аниқ исм ва фамилия, манзил билан мурожаат қилишни режалаштирмоқда.

«Биз оилада махсус операцияни муҳокама қилмаганмиз. Чегара ҳудудлари ўққа тутилаётганини гаплашдик. Отам Соловьёвни томоша қиларди, лекин, албатта, у жанг қилмоқчи эмас эди, гарчи Украинани давлат сифатида яхши кўрмаса ҳам. Менимча, ҳар қандай уруш ёмон, лекин уни ким бошлади? Бизми? Йўқ! Худди Қримга ўхшаб урушсиз қўшиб олса бўларди-ку?» дейди у.

Елена ёшлигида Украинага борган, отасининг Харкивдаги қариндошлариникида бўлган. «Дадам бу менинг хорижга биринчи саёҳатим эканини айтди. Аммо мен ўйлаб қолдим, бу қандай хорижий давлат, ҳамма нарса бизникига ўхшайди-ку?!» деган у.

«Ҳарбий комиссарлар телеграм ўқимайди»

Россия Мудофаа вазирлиги 23 сентябр куни ҳарбий хизматга чақирилмайдиган касблар рўйхатини эълон қилди: аккредитациядан ўтган IT-компаниялари мутахассислари, давлат оммавий ахборот воситалари ва алоқа хизмати ходимлари, кундузги ва кечки бўлим талабалари. Аммо сиртқи бўлим талабалари чақирилиши мумкин эди.

Мудофаа вазирлигининг бундай баёноти ҳуқуқий кучга эга эмас, чунки муддатли ҳарбий хизматни кечиктириш ҳукуматнинг махсус қарорини талаб қилади, у ҳали йўқ.

«Бу баёнот норматив акт эмас, чунки улар фақат хизматда фойдаланиш учун мўлжалланган ёки махфий бўлади. Туман ҳарбий комиссариати раиси телеграмни ўқимайди, унинг қўлига сафарбарлик рўйхатлари аллақачон юборилган, нормативлар ҳам. Бу баёнот шунчаки аҳолини тинчлантириш учун берилмоқда», деб изоҳ берди ҳуқуқ ҳимоячиси Павел Чиков.

25 сентябр куни Владимир Путин кундузги ва сиртқи бўлим талабаларини сафарбарликдан озод қилиш ҳақидаги фармонни имзолади. Аммо шунда ҳам ким сафарбар қилиниши керак деган масалага аниқлик киритилмади, бунга ҳатто ҳукуматпараст блогерлар ҳам эътибор қаратишди.

Давлат думаси спикерининг собиқ ёрдамчиси, кремлпараст медиа-мутахассиси Анастасия Кашеварова шундай ёзди: «Аммо ҳали ҳам кимлар сафарбар қилиниши кераклиги ҳақида аниқ тушунча йўқ. Талаблар қандай бўлиши, кимлар унга мос келиши номаълум. Президент давлат ўқув муассасалари талабаларини озод қилди, бироқ, хусусий лицензияга эга ўқув муассасалари талабаларини эса йўқ. Сафарбар қилинганлар кўпинча тиббий кўрикдан ҳам ўтказилмаяпти».

Шунингдек, у Мудофаа вазирлигидан «Госуслуги» портали орқали аҳоли билан мулоқотни йўлга қўйишни сўради.

Жума куни Давлат думасига янги қонун лойиҳалари киритилди, унга кўра урушга чақирилганлар ўз иш жойини сақлаб қолиш ва кредитлар бўйича тўловларни кечиктириш имкониятига эга бўлади.

Анъанавий ҳарбий комиссариатлардан ташқари, бошқа муассасаларда – мактабларда, театр ва музейларда чақирув ва сафарбарлик пунктлари очила бошлади. Бурятиядаги баъзи мактабларда сафарбар қилинганлар билан ишлаш марказлари очилгани сабабли дарслар вақтинча бекор қилинди.

Улан-Удэ мэрияси хабарига кўра, 11 та мактабда сафарбарлик бўйича «огоҳлантириш пунктлари» очилиши сабабли дарслар жадвали «ўзгартирилади». Маҳаллий «Люди Байкала» нашрига кўра, ушбу пунктларга ўқитувчилар чақирув қоғозларини тўлдиришади.

Москвадаги Роман Виктюк театри 9 октябргача барча спектаклларини бекор қилди – унда ҳарбий сафарбарлик пункти ташкил этилди. Худди шундай пункт Москва музейида очилди, бу ҳақда «Veter» мода фестивали ташкилотчилари маълум қилди.

Пропаганда аҳолида «ватанпарварлик» руҳини кўтариш учун барча имкониятлардан фойдаланмоқда - жумладан бинолар деворларидаги улкан граффитилардан ҳам. Фото: Getty Images
Энди чақирув қоғозини исталган жойда олиш мумкин. Москва ва Санкт-Петербургда 21 сентябр куни ўтказилган митингда қўлга олинганларнинг бир қисмига полиция бўлимлари ёки махсус ҳибсхонада чақирув қоғози берилган. Ҳозирда маъмурий қамоқ жазосини ўтаётган ва чақирув қоғози олган шахслар махсус сақлаш ҳибсхонасидан озод этилганидан сўнг, дарҳол ҳарбий комиссариатларга бориши шарт.

Ҳарбий комиссариатлар олдида оммавий навбатлар йўқ. Аксинча, Россияда ҳарбий комиссариатларга ўт қўйиляпти ёки ўқ узиляпти. Сафарбарлик бошланганидан бери 20 дан ошиқ ҳарбий комиссариат биносига ўт қўйилди, уруш бошланганидан бери 40 дан ортиғига.

Аёллар қўзғолони

«Сизлар ўз лавозимингиздан айрилишдан қўрқасиз, бизлар ўғилларимиздан айрилишдан», деб бақиришди бир гуруҳ аёллар полициячиларга қарата. Улар якшанба куни Доғистон пойтахти Махачқалъадаги ҳарбий комиссариат олдига йиғилишди ва бу стихияли норозилик намойишига айланиб кетди.

Намойишчилар ва полиция ўртасида жисмоний тўқнашувлар ҳам бўлди, ҳатто полициячилардан бири «Йўқолсин уруш!» деб бақираётган аёллардан қочиб кетишга мажбур бўлди. Намойишчилар федерал автомагистрални ҳам вақтинча тўсиб қўйишди.

Шу куни Кабардин-Болқориядаги Нальчик шаҳрида ўнлаб аёллар ҳокимият биноси олдида митинг ўтказди. Улар «Нега ўғилларимизни олиб кетяпсан?!» деб бақиришди ва ҳибсга олаётган полициячилар қўлидан эркакларни қутқаришга уринишди.

Ёқутистонда асосан аёллардан иборат 400 га яқин одам шаҳар майдонида бир-бирининг қўлини ушлаган ҳолда, доира шаклида айланиб, рақсга тушишди ва «Йўқолсин уруш», «Йўқолсин геноцид» деб ҳайқиришди.

Шу куннинг ўзида Волга бўйи шаҳарларидан бирида одамлар бутунлай бошқа сабаб билан йиғилишди. 52 ёшли Мария (у фақат анонимлик шарти билан ва шаҳар номини айтмасдан гаплашишга рози бўлди) ўзини ўзи эълон қилган «ЛХР» ва «ДХР», шунингдек, Херсон ва Запорижжя областларининг босиб олинган қисмида Россияга қўшилиш бўйича «референдумлар» бошланишига бағишланган митингда нутқ сўзлади. Унда кўплаб ёшлар, шаҳардаги ўқув муассасалари талабалари, корхоналар ва бошқа бюджет ташкилотлари делегациялари қатнашди.

Грознийда «махсус ҳарбий амалиёт»ни қўллаб ўтказилган митинг. 23 сентябр
Фото: ELENA AFONINA/TASS

«Митингда чақирув қоғозлари топширилиши ҳақида қўрқинчли хабарлар тарқалганига қарамай, ундай бўлмади. Лекин негадир митингда асосан аёллар иштирок этди», деб киноя билан ёзди маҳаллий журналист.

Мария Донецкдан кўчиб келган қўшиқчилар гуруҳи вакили эди. Унинг ўзи ҳам шаҳарга фақат эрталаб қайтди: бир кун аввал аёл дугонаси билан бирга 30 ёшли ўғлини Қозоғистонга олиб борганди. Улар чегарадаги вазият ва кутиш вақти чўзилиб кетишидан хавотирланишди, чунки Мария митингга қайтиши шарт эди. У 22 сентябр куни митингни ташкил қилиши керак эди, аммо бетоблиги туфайли, фақат эртасига иштирок эта олди.

«Махсус амалиёт – менинг ишим эмас ва менинг қарорим эмас»

Мария Қозоғистон чегарасини бир неча соат ичида кесиб ўтди. Сўнгра ўғлини таксига ўтқазиб, фотиҳа берди ва энг яқин шаҳарга жўнатди. Бу режа оилага яқин одамлар томонидан олдиндан ишлаб чиқилганди. Энди унинг ўғли Қозоғистонда бир неча ой қолади ва «вазият қандай ривожланиши»ни кузатади.

Мариянинг дугонаси унга квартирани ижарага олди, бир неча ой олдин Қозоғистонга бориб, маҳаллий банкдан карта очтирди. Унинг ўғлининг касби масофадан туриб ишлаш имконини бермайди, бироқ, онаси вақти-вақти билан унга пул жўнатмоқчи.

«Новая газета»нинг ёзишича, ФХХ маълумотларига кўра, дам олиш кунларида 240 мингдан ортиқ эҳтимолий сафарбар қилинадиган эркаклар Россияни тарк этган.

Фото: DMITRY ROGULIN/TASS
«Махсус операция менинг ишим эмас ва менинг қарорим ҳам эмас», - дейди Мария. Аёл суҳбат давомида «уруш» сўзини умуман ишлатмайди. - Агар ҳукумат шунга қарор қилган бўлса, мен нима қилишим мумкин? Мен сиёсат билан эмас, балки маданият билан шуғулланаман, ма-да-ни-ят! Тадбирлар, концертлар, нимани буюришса – шуни ташкил қиламан. Йигирма йилдан бери шу ердаман».

У мавзуни фахрийларга ёрдам бериш ҳақидаги ҳикояларга ўзгартирди. Ўз шаҳрида «анъаналарни ҳурмат қилишлари»ни айтди. «Бунинг нимаси ёмон?!» дейди у. У ҳарбий ҳаракатлар ҳақида гапиришни, шунингдек, урушга шахсий муносабатини муҳокама қилишни қатъиян рад этди.

«Нега ўғлингизни Қозоғистонга жўнатдингиз?» деган саволга бир оз ўйланиб турди ва «Фарзандингиз борми? Қизми, ўғилми? Қиз? Унда тушунмайсиз», деб жавоб берди.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг