00:10 / 06.01.2023
1 532

Яҳудийларнинг Ақсо масжидида ибодат қилишлари нега баҳсга сабаб бўлмоқда?

Яҳудийларнинг Ақсо масжидида ибодат қилишлари нега баҳсга сабаб бўлмоқда?
Қуддуснинг муқаддас жойида ибодат қилиш мусулмонлар ва яҳудийлар ўртасида келишмовчилик туғдирмоқда. Муаммо нимада?

Сўнгги йилларда ўта миллатчи исроиллик янги кўчиб келганларнинг Шарқий Қуддусдаги Ақсо масжидига рухсатсиз киришлари тез-тез рўй бермоқда. Бу дунё бўйлаб фаластинликлар ва мусулмонларнинг ғазабини қўзғатиб келмоқда.

Ал-Ҳарам аш-Шариф номи билан ҳам танилган Ал-Ақсо масжиди мажмуаси яҳудийлар Ибодат тоғи деб атайдиган ясси ва баланд қоятошда жойлашган.

Масжид ҳовлисида яҳудийларнинг ибодат қилишлари асрлар давомида тақиқлаб келинган эди. Исроил ҳукуматидаги ўзгариш оқибатида бугунги кундаги ҳолат юзага чиқиб, мусулмонлар ва яҳудийлар ўртасида жиддий тортишувларга сабаб бўлмоқда.

Бу жой нима учун муҳим?

Диндор яҳудийлар учун Маъбад тоғи яҳудийликдаги энг муқаддас жойдир. Қадимги битиклар ва археологик тадқиқотларга кўра, бу ерда қадимги даврлардаги яҳудий шоҳликларининг маркази бўлган иккита ибодатхона жойлашганига ишонилади.

Йиғи Девори — яҳудийлар ибодат қилишлари учун шаҳардаги энг муқаддас жой ҳисобланади. Бу жой Ҳирод томонидан қурилган ва милоддан аввалги 70 йилда римликлар томонидан яҳудийлар қўзғолони учун қасос олиш мақсадида вайрон қилинган Иккинчи Маъбаднинг бир қисмидир.

Тепаликнинг юқорисида улкан Ақсо масжиди, ҳовлилар, намоз ва зиёратгоҳлар мажмуаси, жумладан, олтин томли Қуббатус-Сахра жойлашган. Масжид ислом динидаги энг муқаддас масканлардан биридир. Усмонийлар империяси 1517 йилда Қуддусни забт этади ва токи Биринчи жаҳон уруши пайтида инглизлар шаҳарни эгаллагунига қадар - 400 йил давомида ўз назоратида ушлаб туради.

Усмоний ҳукмдорлар Қуддусда мазҳаблараро ва динлараро тўқнашувларнинг олдини олиш учун муқаддас жойлар устидан назорат ўрнатишни чегаралаб берувчи бир қатор фармонлар чиқаришди.

1757 йилда Султон Усмон III “Статус-кво” номини олган фармон эълон қилди. Мазкур фармон Муқаддас Қабр черкови (Қуддус Эски шаҳрининг насронийлар даҳасидаги черков) ҳудудида насронийларнинг ўзаро тўқнашувларини олдини олишдан ташқари, мусулмон бўлмаганларни Ал-Ақсо ҳудудига кириши ва яҳудийларга Йиғи Деворидан ташқарида ибодат қилишни тақиқлади.

Қуддуснинг бош раввинлиги ҳам 1921 йилдан бери яҳудийларнинг Маъбад тоғига киришини расман тақиқлаган. Қарорда у ерга қадам босиш учун инсон "мутлақо пок ва гуноҳсиз" бўлиши кераклиги белгиланган. Бугунги кунда эса бундай инсонни топиш имконсиз.

Раввинликка кўра, Маъбад тоғи муқаддас жой бўлиб, “Худонинг мавжудлиги намоён бўлган ер” ҳудудида жойлашган. "Шунинг учун, бу ерга инсон қадами етса, ифлосланиш хавфи туғилиши мумкин" экан.

Қуддус Жамоатчилик билан алоқалар маркази маълумотларига кўра: "Маъбад тоғига киришни тақиқлаб, бош раввинлар Маймонид (Абу Имрон Мусо ибн Маймун) нинг Шекина (Илоҳий руҳ) ҳамон Маъбад ўрнида мавжудлиги ҳақидаги фикрига эргашдилар.

Аксарият ортодоксал яҳудийлар Раввинлик тақиқловига риоя қилишади ва асрлар давомида кўплаб истиснолар бўлган бўлса-да, яҳудийларнинг ибодати аксарият ҳолларда Ғарбий девордан ажратилган.

Яҳудийларнинг ибодати сабаб юзага келган бугунги кундаги мунозаралар қачон бошланган эди?

1967 йилда Исроил Иорданиядаги Қуддуснинг Эски шаҳрини, шу жумладан муқаддас жойларни эгаллаб олган. Фақатгина исломий объектларни бошқариш Иордания ҳукумати қўлида қолди.

Ўшандан бери яҳудийларга Маъбад тоғида ибодат қилишга рухсат беришга чақириқлар кучаймоқда.

Исроил ҳукумати расман статус-квони сақлаб қолган. Сионистик ҳаракат ҳар доим диний тусга эга бўлган бўлса-да, кўпчилик Исроил раҳбарлари дунёвий бўлган. Шундай қилиб, бутун мусулмон оламида ғазаб портлашининг олдини олиш, одатда, сиёсий раҳбарлар учун Маъбад тоғи мақомини ўзгартиришга уринишлардан устунроқдир.

Бироқ, кўплаб диндор яҳудийлар Эски шаҳарни эгаллашни тимсолий ҳаракат деб билишган ва баъзилар (шу жумладан, кўплаб насронийлар ҳам) буни “Муқаддас Аҳд”да башорат қилинган "Қиёмат куни" белгиси сифатида кўришади. Яъни, яҳудийларнинг Эски шаҳарни эгаллаб олиши - Қиёмат яқинлашганидан дарак беради, деб ишонишади.

Баъзи диний яҳудий гуруҳлар, Маъбад тоғида намоз ўқишга рухсат бермасликдан ташқари, бу ерда Масиҳнинг қайтиши ва қиёмат кунидан дарак берувчи Учинчи Маъбадни қуриш керак, деб даъво қилишади.

Бу фикр узоқ вақтдан бери Исроил ва бутун дунёдаги яҳудийлар орасида озчиликнинг фикри бўлиб келган, аммо у асосий оқимдан узоқда бўлмаган.

Ҳатто 1967 йилда Эски шаҳарни босиб олишда Исроил кучларига раҳбарлик қилган генерал Узи Наркисснинг айтишича, ўша пайтдаги ҳарбий раввинлик бошлиғи, кейинроқ Исроилнинг бош раввини бўлган Шломо Горен Эски шаҳарни эгаллаш пайтида генерални Ал-Ақсо масжидини портлатиб юборишга ундаган.

Горен ва бошқалар Наркисснинг маълумотларини инкор қилишса-да, у Маъбад тоғида ибодат қилишнинг асосий тарафдори бўлган ва 1967 йил август ойида бир гуруҳ диндорларни ушбу жойда ибодат қилиш учун олиб келганида баҳс-мунозараларга сабаб бўлган. Унинг хатти-ҳаракатлари мусулмонлар, дунёвий яҳудийлар ва Қуддус бош раввинлигининг норозиликларига сабаб бўлди. Улар яҳудийларга бу ерда ибодат қилиш тақиқланганини яна бир бор таъкидладилар.

Аввалроқ у Ал-Ақсо масжидини вайрон қилиш режасини рад этган бўлса-да, кейинроқ Исроил радиосига берган интервьюсида бинонинг бузилмагани “фожеа” эканини айтган.

Масжид ҳовлиларига яҳудийларнинг киришига чеклов қўйилганига қарамай, янги кўчиб келган исроилликлар кўп йиллар давомида Исроил хавфсизлик кучлари ҳамроҳлигида мажмуага кириб келган. Яқин вақтларгача, одатда, мусулмон диндорларни қўзғатмаслик учун диний маросимларни бажариш тақиқланган.

2000 йил 28 сентябрда Исроилнинг Ал-Ақсо масжидидаги энг даҳшатли провокацион воқеаси, ўша пайтдаги Исроил мухолифати етакчиси Ариел Шарон 1000 дан ортиқ исроиллик полициячилар ҳамроҳлигида ҳовлига кириб, бу ернинг назорати Исроил қўлида абадий қолишини эълон қилганида юз берганди.

Исроил Ички ишлар вазирлиги томонидан рухсат этилган ва тинчлик музокаралари фонида амалга оширилган юриш фаластинликларнинг оммавий норозилигига сабаб бўлди ва охир-оқибат Иккинчи Интифадага (муайян бир ҳудудни озод қилишга ёки ҳукмронликка қарши қўзғолон кўтаришга қаратилган араб озодлик ҳаракати) айланиб кетди ва унда беш йил ичида 3000 дан ортиқ фаластинлик ва 1000 дан ортиқ исроиллик ҳалок бўлди.

Ҳозир ким Ал-Ақсода яҳудийларнинг ибодат қилишлари тарафдори?

Ҳозирги вақтда Маъбад тоғида яҳудийларнинг ибодат қилишини ёқловчи "Маъбад тоғидаги диндорлар", "Маъбад институти", "Яраеҳ" ташкилоти ва бошқалар каби Учинчи маъбадни қуришни тарғиб қилувчи бир нечта гуруҳлар мавжуд. Бенямин Нетаняху ҳукуматидаги асосий партия, унинг миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен Гвир бошчилигидаги гуруҳ Исроилни яҳудий бўлмаганларга фуқаролик беришни рад этувчи теократик давлатга айлантириш тарафдори бўлган америкалик-исроиллик раввин Меир Каҳаненинг мафкуравий меросхўрларидир.

Маъбад тоғига келсак, Бен-Гвир ва бошқа коҳинийлар уни яҳудийлар учун асосий муқаддас жой деб билишади, баъзилари Ал-Ақсо масжидини бузиб, Учинчи маъбад қуришга чақиришади.

Кўп йиллик коҳиний сифатида Бен-Гвир ал-Ақсо билан боғлиқ кўп воқеаларга алоқадор, шунингдек, Маъбад тоғидаги фаолликда иштирок этган яҳудийларни ҳимоя қилувчи адвокат бўлиб ишлаган.

Бен-Гвир 2015 йилда мусулмонларга “Ам Исраэль Чаи” (“Исроил халқи яшайди”) деб бақиргани учун воқеа жойида ҳибсга олинган эди.

Унинг сўзларига кўра, у Нетаняхудан бу ерда “яҳудийлар учун тенг ҳуқуқлар” ўрнатишни талаб қилганди, бироқ Ликуд манбалари буни рад этган.

3 январ куни ал-Ақсога ўта провокацион юришидан олдин Бен-Гвир масжиддаги вазиятни мамлакатда ўз фуқаролик ҳуқуқларига нисбатан фаластинликлар қўллаган атамага ўхшаб кетади. - "апартеид" сўзини ишлатди.

"Мен Маъбад тоғига чиқаман. Мен ирқчиликка, яҳудий нопок бўлгани учун Маъбад тоғида сув ичолмаслигига қарши курашаман”, деди у ўз партиясининг Кнессетдаги фракцияси йиғилишида, журналистлар билан суҳбатда.

Мажмуада яҳудийларга ибодат қилишларига рухсат беришнинг энг кўзга кўринган ва очиқ тарафдорларидан яна бири - бу америкалик диний сионист, 2016 ва 2019 йилларда Ликуд партиясининг депутати бўлган Еҳуда Гликдир.

Глик учинчи маъбад қурилишини ҳимоя қилувчи, давлат томонидан молиялаштириладиган ташкилот — Маъбад институтининг ижрочи директори лавозимида ишлаган. У бу жойда яҳудийларнинг ибодатини диний эркинлик масаласи сифатида кўрсатишга ҳаракат қилди.

Ҳозирда у "Маъбад тоғида яҳудийлар учун тўлиқ ва кенг қамровли эркинлик ва фуқаролик ҳуқуқларига эришиш" мақсадини кўзлаган гуруҳлар коалициясининг раҳбаридир.

"Маъбад тоғи дунёнинг маркази бўлиш ўрнига ғазаб ва нафратнинг марказий майдонига айланди", деди у.

Нега фаластинликлар яҳудийларнинг ибодат қилишларига қарши?

Яҳудий ва мусулмон олимлари томонидан кўтарилган теологик диний саволларни бир четга суриб қўядиган бўлсак, муаммо - кучлар мувозанатининг бузилишидадир. Исроил Шарқий Қуддусни босиб олганидан кўп ўтмай аннексия қилган бўлса-да, бу ҳаракат халқаро ҳамжамият томонидан ҳеч қачон тан олинмаган ва расман шаҳарнинг шарқий туманлари, жумладан Эски шаҳар ҳам ҳарбий ишғол остида қолмоқда.

Шарқий Қуддусдаги фаластинликларнинг қонуний фуқаролиги йўқ. Гарчи уларнинг аждодлари асрлар давомида шаҳарнинг шарқида яшаган бўлса-да, Фаластин аҳолиси у ерда "доимий яшаш" учун ариза топширишлари керак, бу эса уларни фуқаролар сифатидаги қонуний ҳуқуқларидан, жумладан, овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум қилади. Улар Исроил фуқаролигини олишлари мумкин, аммо аксарият ҳолларда буни рад этишади.

Яшаш учун рухсатнома номинал "доимий" бўлса-да, 1967 йилдан бери минглаб фаластинликлар яшаш учун рухсатномаларидан айрилди ва шаҳар ҳокимиятининг рухсати йўқлиги сабабли юзлаб уй-жойлар бузиб ташланди.

Хуллас, вазият марказида Ал-Ақсо турибди. Ўта миллатчи яҳудий диний гуруҳларнинг асосий мақсадлари Қуддусда мустаҳкам ўрнашган исломий муҳит, миллий фаластин ўзлигини йўқ қилишга уринишдан иборат. Бу ишлар шунчаки яҳудийларга муқаддас жойларга бориш ҳуқуқини бериш учун эмас, балки Исроилнинг фаластинликлар устидан назорат ўрнатиш, фаластин маданий марказларига эгалик қилиш мақсадида амалга оширилмоқда.

Глик ва бошқаларнинг таъкидлашича, уларнинг Маъбад тоғига кириш ҳуқуқи диний эркинлик масаласидир, аммо уларнинг объектга кириш имконияти дунёдаги энг илғор ҳарбий кучлардан бирининг аскарлари томонидан қўллаб-қувватланади, фаластинлик диндорлар эса ҳеч қандай ҳимояга ёки ҳуқуққа эга эмаслар.

Ҳозирги вазият қандай?

Гликнинг сўзларига кўра, унга ва унинг иттифоқчиларига маълум вақт давомида Маъбад тоғида очиқ ибодат қилиш ҳуқуқи берилган.

"Ҳозир ўнлаб яҳудийлар ҳудуднинг шарқий тарафидаги ягона қисмида ҳар куни очиқ ибодат қилмоқдалар ва уларни кузатиб бораётган Исроил полицияси энди уларни тўхтатишга уринмайди", дея хабар берган эди 2021 йилда New York Times нашри.

Маъбад тоғидаги "Баядену" гуруҳи томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра, 2022 йилда бу ерга рекорд даражада — 51 483 яҳудий зиёратга келган.

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг