15:27 / 03.03.2025
476

Германия канцлери Украина демилитаризациясига қарши чиқди

Германия канцлери Украина демилитаризациясига қарши чиқди
Германия канцлери Олаф Шолц Украинани қуролсизлантириш ва мамлакатда россияпараст ҳукумат тузилишига қарши чиқди. Бу ҳақда у 2 март, якшанба куни Лондонда бўлиб ўтган саммит якунида айтиб ўтди.

«Бу ҳужумга учраган, катта тажовуз қурбони бўлган мамлакат. Бу ҳамма учун инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқат. Ва, албатта, бу биз ҳам шунга яраша ҳаракат қилишимиз кераклигини англатади», деб айтган Шолц. Унга кўра, «Украина Европа Иттифоқига аъзо бўлишга қарор қилган Европа давлати. Бу демократик давлат ва шундай бўлиши керак».

«Бизга яна бир нарса аёнки, бу Украинани ҳам молиявий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлашимиз кераклигини англатади. Украинани халқаро ва трансатлантик қўллаб-қувватлаш мамлакат ва Европа хавфсизлиги учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиб қолмоқда», — дея давом этди Германия канцлери.

Шолц Украинани демилитаризация қилишга қарши

«Россия нуқтайи назарини қабул қилиб бўлмайди. Россиянинг мақсади ҳар доим Украинада рус оҳангига рақсга тушадиган ҳукумат яратиш бўлган. Бу қабул қилиб бўлмайдиган нарса», — дейди Шолц.

«Иккинчи масала — демилитаризация. Россия буни доимий равишда талаб қилади, лекин буни қабул қилиб бўлмайди. Аксинча, Украина унга бошқа ҳеч қачон ҳужум қилинмаслигини таъминлаш учун етарли даражада кучли бўлиши керак — бу мамлакат, унинг фуқаролари ва барчамиз тажрибамиздан келиб чиққан ҳолда. Бу ҳам келажак учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади», — дея қўшимча қилди канцлер.

Унинг сўзларига кўра, Москва ва Киев ўртасидаги тинчлик музокараларининг бошланиш нуқтаси Россиянинг Украинани ўққа тутишини тўхтатиш бўлиши мумкин. «Агар бомбардимон тўхтатилса, бу жуда фойдали бўларди», деб айтган Шолц. «Бу кейинчалик давом этиши мумкин бўлган музокаралар учун бошланғич нуқта бўлар эди».

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг