Замонавий ҳаётда болаларнинг гаджет ва экранлар билан ўтказадиган вақти кўплаб ота-оналарни хавотирга солмоқда. Интернет, ижтимоий тармоқлар ва мобил қурилмалар билан боғлиқ муаммолар – депрессия, уйқусизлик, хулқдаги ўзгаришлар – кўп тилга олинади. Бироқ олимлар бу борадаги хавотирлар доим ҳам ишончли илмий далилларга асосланмаганини таъкидлашмоқда.
Америка Психология Ассоциацияси томонидан 2021-йилда ўтказилган тадқиқот экранлар билан боғлиқ хавотирлар ортиқча бўлиши мумкинлигини кўрсатган. Унда 2015–2019 йиллар оралиғида чоп этилган 33 та илмий иш таҳлил қилинган ва экран вақти рухий муаммоларга “жуда кам даражада” таъсир қилиши аниқланган.
Экран вақти умумий тушунча бўлиб, унинг ўзи ҳам турлича таъсирга эга: болалар видео ўйин ўйнаяптими ёки фойдали маълумот ўқияптими – булар фарқли жараёнлардир. Шунингдек, экран олдида ёлғизми ёки дўстлари билан мулоқотдами – бу ҳам рухий ҳолатга турлича таъсир этади.
Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, баъзан муаммо экраннинг ўзида эмас, балки ёлғизлик ва ижтимоий ажралганликда. Масалан, рухий тушкунликдан азият чекаётганлар орасида экран олдида кўп вақт ўтказадиганлар кўпроқ ёлғиз қоладиганлар бўлган.
2016–2018 йилларда 11 500 нафар 9–12 ёшли болалар иштирокида ўтказилган йирик тадқиқотда эса экран ва миядаги боғланиш ўзгаришлари ўрганилган. Аммо олимлар экран вақти рухий саломатлик ёки когнитив муаммоларга сабаб бўлишини тасдиқловчи далил топишмаган.
Ушбу натижаларни инобатга олган ҳолда, олимлар ва руҳшунослар ота-оналарни фарзандларининг экран билан муносабатига эҳтиёткорлик билан ёндашишга чақирмоқда. Фойдали ва зарарли контентни фарқлаш, болаларга ишончли ва соғлом муҳит яратиш муҳим.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!