Россиянинг «Новые люди» партияси етакчиси Алексей Нечаев «Бир синфга — бир мигрант» ташаббуси билан чиқди. Ушбу ғояга кўра, синфда мигрант-болалар сонини бир нафаргача қисқартириш мамлакатда таълим сифатини оширармиш, дея у таъкидлайди. Таклиф жамоатчиликда дарҳол қизғин муҳокамаларни қўзғади: кимдир бундан тартиб ва самарадорлик кутмоқда, бошқалар эса бундай ёндашувни баҳсли деб ҳисобламоқда.
Нечаевга кўра, айрим синфлар 20–30 фоиз мигрантлардан иборат, бу эса мослашиш жараёнини қийинлаштириб, ҳам россиялик, ҳам чет эллик болаларнинг таълим олиш самарадорлигини пасайтирмоқда, деди у. Яъни, у тил, ижтимоий муҳит ва ўқув дастурларига мослашувдаги қийинчиликлар сабаб ўқитиш жараёни “суслашиши” мумкинлигини урғулайди. Шу боис, «мигрант-болаларнинг синфларда тенг тақсимланиши» синфдошлар ўртасидаги тил тўсиғини деярли йўқотиб, ўқитувчилар анча юкдан халос бўлади, дея қўшимча қилди «Янги одамлар» етакчиси: гўё, ресурс тақсимоти яхшиланса, педагоглар диққатини барчага баробар қарата олади.
Бироқ, яккаланган боланинг тақдири нима бўлиши ҳақида сиёсатчи лом-мим демаган. Яъни, “бир синф—бир мигрант” амалда ана шу ягона ўқувчининг ижтимоий ҳиссиётлари, психологик ҳолати ва интеграциясига қандай таъсир қилиши, унинг ёлғиз қолиши ёки стигматизация хавфи ҳақида аниқ изоҳ берилмади. Бу эса ташаббус атрофидаги саволларни янада кўпайтирмоқда.
Муҳокама ва мулоҳазалар
Мутахассислар таъкидлашича, тил тўсиқларини камайтириш ва ўқитувчи юкини енгиллаштириш — ўринли мақсад. Бироқ бундай мақсадга эришишнинг йўллари муҳим: махсус тил қўллаб-қувватлаш курслари, қўшимча репетиторлик соатлари, психолингвистик мослашув дастурлари, синфдан ташқари устоз-шогирд (mentoring) моделлари ва ота-она билан тизимли ишлаш — халқаро тажрибаларда синовдан ўтган чоралар сифатида тилга олинади. Шунда интеграция инклюзив руҳда кечади, болалар “алоҳида белгилаб қўйилмайди”.
Қонуншунослик нуқтаи назаридан ҳам масала юзага келади: синф таркибини миллий келиб чиқиш ёки миграция манбасига қараб чеклаш, алоҳида квоталаш ёки “бир нафар” тамойилини қоидалаш хавфли баҳсларга олиб келиши мумкин. Таълим — тенг имкониятлар майдони бўлиши керак; демак, ҳар қандай тартиб ўз-ўзидан дискриминация тушунчасига тақалмаслиги шарт. Шунингдек, йирик шаҳарлардаги микроҳудудлар таркиби турлича: айрим мактабларда мигрант-болалар улуши табиий равишда юқори — бундай ҳолларда “тенг тақсимлаш” механизмини амалга ошириш логистика, транспорт ва ота-оналарнинг розилиги каби мураккаб омилларни талаб қилади.
Ўқитувчилар нуқтаи назаридан, ресурс ва вақт энг қиммат бойлик. Синфда тил жиҳатидан қўллаб-қувватлаш учун ассистент-ўқитувчи, махсус методикалар, рақамли материаллар, индивидуал таълим траекториялари керак бўлади. Ташаббус айнан шу инфратузилма билан қўллаб-қувватланмаса, “бир синф—бир мигрант” қоидаси қаёққадир қўшимча ташкилий муаммоларни келтириб чиқариши ҳам ихтимолдан холи эмас.
Хулоса ўрнида, Нечаев таклифи — таълим тизимидаги интеграция ва самарадорлик мавзусини қайта кутаётган чақириқ. Бироқ, мигрант-болаларни “тенг тақсимлаш” деб таърифланган ёндашувнинг ижтимоий-психологик оқибатлари, ҳуқуқий асослари ва амалий механизмлари аниқ хулоса талаб қилади. Энг муҳими — якка бола тақдири, унинг яқин муҳитидаги қўллаб-қувватлаш, тенг ҳуқуқли таълим имкониятлари ва инклюзив муҳитга эътибор. Тил тўсиғини йўқотмоқчи бўлиб, янги деворлар қуриб қўймаслик — баҳс марказидаги энг катта савол.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!