Қирғизистонда соғлиқни сақлаш соҳасида ташвиш уйғотувчи ҳолат кузатилди. Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш марказининг болалар онкологияси бўлимига жуда нодир касаллик — “Пейтц–Егерс” синдроми билан оғриган бемор ётқизилди. Бу ҳақда муассаса раҳбари Султон Стамбеков маълум қилди.
Мутахассиснинг таъкидлашича, ушбу касаллик ирсий хусусиятга эга бўлиб, кўпинча болаликда аломатлари намоён бўлади. Айниқса, оғиз атрофида, лаблар ва ёноқларда, баъзан қўл-оёқларда ҳам тери ва шиллиқ пардаларда тўқ жигарранг ёки қора доғлар пайдо бўлиши кузатилади. Шу билан бирга, беморларда ошқозон-ичак тизимида полиплар ўсиши эҳтимоли катта бўлади. Полиплар одатда ингичка ичакда учрайди, бироқ баъзан ошқозон, йўғон ичак ёки бошқа ички органларда ҳам пайдо бўлиши мумкин.
Стамбековнинг айтишича, бу полиплар асосан яхши тузилишга эга гамартомалар ҳисобланади. Аммо вақт ўтиши билан улар хавфли ўсмаларга айланиш эҳтимолини оширади. Беморликнинг асосий сабаби STK11 (LKB1) гендаги мутация бўлиб, у аутосомал доминант тарзда узатилади. Яъни, агар ота-оналардан бири касал бўлса, унинг фарзандида ҳам синдром кузатилиши хавфи 50 фоизни ташкил этади.
Мутахассислар бу синдромнинг энг катта хавфларидан бири сифатида бир қатор онкологик касалликларни кўрсатишмоқда. Жумладан, ошқозон ости бези, ичак ва ошқозон саратони, аёлларда кўкрак, тухумдон ва бачадон бўйни саратони, эркакларда эса мояк саратони (айниқса кам учрайдиган Сертоли ҳужайрали ўсма) ривожланиш эҳтимоли юқори ҳисобланади.
Аломатлар орасида қорин оғриқлари, ичакнинг тўсиқланиши ёки ич қотиши, қон кетиши натижасида анемия ва тез чарчаш ҳолатлари қайд этилади. Айрим беморларда оғиздаги доғлар ва полиплар туфайли болаликданоқ соғлиқ билан боғлиқ жиддий муаммолар пайдо бўлади.
Ташхис қўйиш жараёнида эндоскопия, колоноскопия, капсула эндоскопияси ва генетик таҳлиллар ўтказилади. Даволашда эса полипларни эндоскопик усулда ёки жарроҳлик йўли билан олиб ташлаш, мунтазам скрининг ва профилактик чоралар катта аҳамиятга эга.
Мутахассислар ота-оналарни эҳтиёт бўлишга чақириб, болаларда ноодатий доғлар ёки оғриқлар кузатилганда дарҳол шифокорга мурожаат қилишни тавсия қилмоқда. Чунки эрта ташхис ва доимий назорат касалликнинг оғир оқибатларини олдини олишда ҳал қилувчи омил ҳисобланади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!