Бу итнинг ноёб ташқи кўриниши интернетни ҳайратга солди

Бу итнинг ноёб ташқи кўриниши интернетни ҳайратга солди

Қисқа умуртқа синдроми билан туғилган Тилли исмли ит ижтимоий тармоқларда минглаб эмас, миллионлаб фойдаланувчиларнинг меҳрини қозонмоқда. Унинг ташқи кўриниши сўнгги кунларда интернетда катта шов-шувга сабаб бўлган «Жимоти» лақабли енотни эслатади. Бу ҳақда хориж нашрлари хабар берди.

Маълум қилинишича, Тилли — 7 ёшли тибет спаниели бўлиб, у 2019 йилда ҳозирги эгаси Анна Мари Жанни томонидан асраб олинган. Итча туғма нуқсон билан дунёга келгани учун унга эга чиқувчи топилмаган ва ҳатто эвтаназия қилиниши ҳам режалаштирилган эди.

Анна Марининг айтишича, унга кучукчалардан бири туғма нуқсон билан туғилгани ва шу сабабли унга уй топиш қийинлиги айтилган. Агар эга чиқувчи топилмаса, уни ухлатиб қўйиш эҳтимоли юқори бўлган. Бироқ Анна бу гапни эшитишидан олдинёқ Тиллига меҳр қўйганини ва уни асраб олишга қарор қилганини таъкидлайди.

Бугунги кунда Тиллининг кундалик ҳаёти TikTok, Instagram ва Facebook саҳифалари орқали мунтазам ёритиб борилади. У ерда итчанинг бошқа кучуклар билан ўйнаши, эгаси билан вақт ўтказиши, дам олиш учун ўзига қулай ҳолат излаши каби қизиқарли лавҳалар миллионлаб томошабинларнинг эътиборини тортади.

Анна Марининг сўзларига кўра, Тилли туғма синдром билан дунёга келган бўлса-да, худди шундай касаллик билан яшайдиган инсонлар каби унинг организми ҳам бу ҳолатга мослашган. Шу сабабли у фаол ҳаёт кечирмоқда ва ўзини яхши ҳис қилмоқда.

Сўнгги кунларда интернетда машҳурликка эришган қисқа умуртқали енот Жимоти туфайли Тиллига бўлган қизиқиш янада ортди. Айниқса, унинг ширин ҳаракатлари акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда тез суръатларда тарқалмоқда.

Анна Марининг тан олишича, Жимоти ҳақидаги видеоларни кўргач, одамлар нега Тиллини биринчи марта кўрганида шунчалик ҳайратланишини ва унга меҳр қўйишини янада яхши тушуниб етган.

Мутахассислар қайд этишича, Сиэтлда топилган Жимотининг умри қисқа бўлиши мумкин. Бироқ Тиллида ҳозирга қадар қисқа умуртқа синдроми билан боғлиқ жиддий соғлиқ муаммолари кузатилмаган.

Эгасининг таъкидлашича, итчанинг касаллиги унга ҳеч қандай оғир асорат қолдирмаган ва ветеринарлар Тилли узоқ ҳамда соғлом умр кечиришини кутмоқда.

Корнелл ветеринария коллежи мутахассиси Брайан Коллинснинг маълум қилишича, қисқа умуртқа синдроми ҳайвонлар орасида жуда кам учрайдиган туғма ҳолат ҳисобланади. Бундай мутация айрим ҳолларда ички аъзолар сиқилиши ёки бўғимлар билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

Шунингдек, мутахассиснинг фикрича, айнан шу мутация Жимотига дарахтларга чиқиш ва йиртқичлардан қочишни ҳам анча қийинлаштириши эҳтимолдан холи эмас. Шунга қарамай, олимлар унинг омон қолиши ва соғлом ҳаёт кечиришига умид билдирмоқда.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар