Уран сайёрасининг Ариэль номли йўлдошидаги муз қоплами остида суюқ сув мавжуд бўлиши мумкинлиги ҳақида янги маълумотлар пайдо бўлди. Олимлар ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, бу ердаги океан Ердаги Тинч океанига нисбатан ўнлаб марта чуқурроқ бўлиши эҳтимол қилинмоқда. Ушбу илмий изланишнинг тафсилотлари халқаро “Icarus” журналида эълон қилинди.
Ариэль – Ураннинг энг ёрқин ва тўртинчи йирик йўлдоши ҳисобланади. Унинг юзаси қадимий кратерлар билан қопланган бўлиб, айрим ҳудудлари нисбатан янгироқ тузилишга эга. Мутахассислар бу ўзгаришлар музли вулқонлар отилиши натижасида юзага келган бўлиши мумкинлигини тахмин қилишмоқда. Шунингдек, йўлдош юзасидаги турли ёриқлар, тизмалар ва грабенлар ички босим ва ташқи кучланишлар таъсирини кўрсатади.
Мутахассислар Ариэлнинг орбитал ҳаракатидан келиб чиқадиган тўлқин кучланиши моделларини юзадаги геологик хариталар билан солиштириб, қатор хулосаларга келишди. Маълум бўлишича, ўтмишда йўлдошнинг орбита эксцентриклиги ҳозиргидан 40 мартага яқин юқори бўлган. Бу эса агар муз остида океан мавжуд бўлса, унинг босими юзани деформацияга учратиб, катта ёриқлар пайдо қилиш имконига эга бўлган.
Ҳисоблашларга кўра, Ариэлдаги океан чуқурлиги 170 километрга етиши мумкин. Солиштириш учун айтиш жоизки, Ердаги Тинч океанининг ўртача чуқурлиги атиги 4 километрни ташкил этади. Бундай кўрсаткичлар Ариэлни Қуёш тизимидаги энг ноёб йўлдошлардан бирига айлантиради.
Шунингдек, ушбу тадқиқотчилар гуруҳи аввалроқ Ураннинг бошқа йўлдоши – Мирандада ҳам муз ости океанлари бўлиши мумкинлигини илгари сурган эди. Жон Хопкинс университети Амалий физика лабораторияси олимларидан бири Том Нордхаймнинг таъкидлашича:
“Биз Уран тизимида глобал океанлар мавжудлигини кўрсатувчи далилларни тобора кўпроқ топмоқдамиз. Бу эса Қуёш тизимидаги сув ресурслари ҳақидаги қарашларимизни кенгайтиради”.
Ҳозирча инсонлар Ариэл ва Миранданинг фақат жанубий яримшарларини кузата олган. Келгусида амалга ошириладиган махсус миссиялар ушбу йўлдошларда океанлар ҳақиқатан мавжудлигини тасдиқлаши ва уларнинг эволюция жараёнларини ўрганиш имконини бериши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, яқинда Марс сайёрасида узунлиги 15 минг километргача чўзилган қадимий дарё излари аниқлангани ҳақида ҳам хабар қилинган эди. Бу топилмалар инсонзотнинг космос ва сув ресурсларига оид билимларини янада бойитмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!