Нюкасл Энтони Гордон ўрнига 51 миллион фунтга янги ҳужумчи олиб келмоқда

Нюкасл Юнайтед ёзги трансфер ойнасида Real Betis вингери Абде Эззалзоули учун белгиланган 51 миллион фунт стерлинг миқдоридаги товон пулини тўлаш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Марокашлик футболчи Барселона сафига ўтиб кетган Энтони Гордоннинг ўрнини босиши кутилаётган асосий номзод сифатида кўрилмоқда. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Миррор нашри хабарига кўра, Нюкасл чап қанот ҳужумидаги бўшлиқни тўлдириш учун айнан Betis юлдузини танлаган. Эдди Хау жамоаси Гордонни 70 миллион фунт эвазига Барселона клубига сотиб юборгач, таркибни кучайтириш режаларини жадаллаштиришга мажбур бўлди. 24 ёшли Абде Эззалзоули жорий мавсумда 15 та гол ва 13 та ассист қайд этиб, жамоасининг Чемпионлар лигаси йўлланмасини қўлга киритишига катта ҳисса қўшди.
Барселона академияси тарбияланувчиси бўлган ушбу футболчи ўзининг юқори даражадаги ўйинлари ва ўзига бўлган ишончи билан ажралиб туради. Ўтган йили Челси клубига қарши ўйин олдидан берган интервюсида у ҳар қандай рақибга қарши қўрқмасдан ўйнашини таъкидлаган эди. Нюкасл скаутлари футболчини Ла Лига доирасидаги Элче ва Реал Оведо билан баҳсларда бевосита кузатиб боришган.
Ҳозирча Нюкасл томонидан расмий таклиф юборилмаган бўлса-да, клуб трансферни имкон қадар тезроқ ва шов-шувларсиз ҳал қилишга уринмоқда. Эззалзоули айни дамда Марокаш терма жамоаси билан Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўрмоқда. Магпийлар ушбу трансферни амалга оширишда Тоттенхем ва Астон Вилла каби рақиблар билан курашишига тўғри келиши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!