Тошкентда автобус ва BYD иштирокида ЙТҲ содир бўлди

Тошкент шаҳрининг Миробод туманида 2 июнь куни йўловчи автобуси ҳамда енгил автомобиль иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди. Бу ҳақда «Тошшаҳартрансхизмат» ахборот хизмати маълум қилди.
Хабар қилинишича, воқеа соат 15:28 лар атрофида Нукус ва Тарас Шевченко кўчалари чорраҳасида юз берган. 16-сонли йўналиш бўйича ҳаракатланаётган Yutong русумли автобус Тарас Шевченко кўчасига чап томонга бурилаётган вақтда қарши йўналишдан келаётган BYD автомобили билан тўқнашиб кетган.
Дастлабки маълумотларга кўра, енгил автомобиль ҳайдовчиси чорраҳадаги светофорнинг ҳаракатни тақиқловчи қизил сигналига амал қилмасдан ҳаракатлангани оқибатида мазкур авария содир бўлган.
Ҳодиса натижасида ҳар икки ҳайдовчи тез тиббий ёрдам ходимлари кузатувида Республика 1-сонли клиник шифохонасига етказилган. Йўл-транспорт ҳодисаси пойтахт ИИББ ЙҲХБ ходимлари томонидан белгиланган тартибда расмийлаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йилнинг дастлабки уч ойи давомида Ўзбекистонда қайд этилган йўл-транспорт ҳодисаларининг 31,4 фоизи инсон ўлими билан якунланган. Ҳисобот даври мобайнида республика бўйича жами 1 102 та йўл-транспорт ҳодисаси рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг 346 таси фожиали оқибат — ўлим билан тугаган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!