Манзура муҳаббати ҳақида гапирди: ёш фарқи бахтга тўсиқ бўлмадими?

Саид Хўжаевнинг айтишича, у 1998 йилда Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида туғилиб, шу ерда вояга етган. Манзура билан биринчи марта хонанда Қозоғистонга ташриф буюрганида танишган.
— Манзурани кутиб олдим, бориши керак бўлган жойларга ҳамроҳлик қилдим. Бир куни машинада кетар эканмиз, онам турмуш қуриш ҳақида таклиф билдирди. Бу гап иккимизни ҳам ҳайратда қолдирди. Чунки бундай фикр хаёлимизга ҳам келмаган эди. Кейин Манзуранинг опасининг розилигини олиш учун Тошкентга келдим. Суҳбатлашдик, менга бир қанча саволлар берилди ва охирида дуо қилиб, бахт тилашди, — дейди Саид Хўжаев.

Унинг таъкидлашича, Манзура билан яқиндан танишишидан аввал ҳам уларнинг авлодида шундай санъаткор қиз борлигини билган.
— Манзуранинг қўшиқларини эшитиб катта бўлганман. 10 ёшимда унинг тароналарини тинглаб ухлаб қолардим. Орамизда 20 ёш фарқ борлигини яширмайман ва бундан ҳеч қачон уялмайман. Шундай турмуш ўртоғим борлигидан фахрланаман. Кўп санъаткорларда кибр учрайди, аммо Манзурада бу хусусиятни сезмаганман, — дейди у.
Манзуранинг сўзларига кўра, онасининг энг катта орзуси унинг оилали бўлиши ва фарзандли бўлишини кўриш бўлган.

— Турмуш ўртоғим билан бир авлод — эшонлар сулоласиданмиз. Отам чимкентлик эди. Агар бугун бахтимни кўрганида, қизим ўз юртига келин бўлди деб жуда қувонган бўларди. Мен ўша тоғларда ўсганман. Қизиғи шундаки, орадан 20 йил ўтиб, турмуш ўртоғим ҳам айнан ўша тоғларда, фақат бошқа қариндошлар орасида вояга етган экан.
У яна болалик хотираларини эслаб, турмуш ўртоғининг ака-опаларини яхши танишини айтди.
— Уларни кўрганман, ҳатто қўлимда кўтариб катта қилганман. Ўша вақтларда Саид ака ҳали дунёга келмаган ҳам эди, — дейди хонанда.
«Танқидий изоҳларга аҳамият бермайман»
Саид Хўжаев ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаларга муносабат билдириб, турли фикрлар унинг руҳиятига таъсир қилмаслигини таъкидлади.
— Биз ҳақимизда хабар чиққанидан кейин одамларнинг ҳар хил гапларига умуман эътибор қаратмадим. Майда нарсалар учун асаб сарфлаш, хавотирланиш менинг табиатимга хос эмас. Мен учун вақт энг қадрли неъмат. Уни бундай ишларга сарфлагим келмайди. Ҳаётимда бундан ҳам муҳим мақсадларим бор, — дейди у.
«Ёш масаласини барча табиий қабул қилди»

Манзуранинг фикрича, аёл киши турмуш ўртоғида маънавий куч ва қатъиятни кўришни истайди.
— Аёл қанчалик кучли бўлмасин, ўзидан ҳам иродалироқ инсонни хоҳлайди. Агар инсон кучсиз бўлса, унинг фикри таъсир қилмаслиги мумкин. Мен айнан шу кучни Саид акада кўрдим. Эркак киши моддий жиҳатдан эмас, балки характери ва феъли билан бир неча поғона юқори туриши керак.
Хонанда дастлаб ёш фарқи сабаб иккиланганини ҳам яширмади.
— Турмуш ўртоғим мендан анча ёш. Шу боис унга ёшроқ қиз мос деб ўйлагандим. Бу ҳақда ўзларига ҳам айтдим. Аммо эрим ҳам, қайнонам ҳам бу ҳолатни психологик жиҳатдан мутлақо табиий қабул қилишларини айтди, — дейди Манзура.
Маълумот учун, хонанда Манзура жорий йилнинг 21 февраль куни 48 ёшни қарши олди.
«Фарзандларимиз уйда югуриб юришини орзу қиламиз»

Жуфтликнинг айтишича, улар учун энг бахтли дамлар бирга чой устида суҳбатлашиб ўтирган лаҳзалардир.
— Шундай пайтларда фарзандларимиз уйда ўйнаб, қувноқ овозлари янграб туришини ният қиламиз. Манзура гампан таомини жуда мазали тайёрлайди. Бошқа овқатлар ҳам қўлидан яхши келади. У ҳар қандай масалани жанжал даражасига етказмайди, ўз ўрнини яхши билади. Шу кунгача «мен каттаман, сен кичиксан» қабилидаги гаплар бўлмаган ва бўлмасин ҳам, — дейди Саид Хўжаев.
«Энди эркак хонандалар билан дуэт куйламайди»
Интервью давомида Саид Хўжаев Манзуранинг ижодий фаолияти ҳақида ҳам тўхталди.
— Энди Манзура эркак хонандалар билан дуэт ижро этмайди. Санъатга оид масалаларда гаплашиши керак бўлган инсонлар билан ҳам асосан ўзим мулоқот қиламан. Эркаклар билан тўғридан-тўғри алоқани чеклашга ҳаракат қиляпман, — деди у.
«Нега никоҳ оқшоми бўлмаган?»

Манзура катта тўй ўтказилмаганининг сабабини ҳам изоҳлади.
— Бизда никоҳ оқшоми бўлмади. Турмуш ўртоғим тўй тарафдори эди, мен эса ундай эмасман. Келинлик либосини исталган вақтда кийиш мумкин. Мен учун энг катта бахт — кўйлак эмас, балки турмуш ўртоғим билан хотиржам ва аҳил яшаш, — деди хонанда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!