Болгарияда тарихий бурилиш: Иллияна Йотова президентликка расман келди

Болгария сиёсати яна бир катта бурилишни бошдан кечиряпти: мамлакат раҳбарлиги тарихда илк бор аёл қўлига ўтди. Вице-президент Иллияна Йотова президент ваколатларини амалга оширишни бошлади — у Румен Радев истеъфосидан кейин давлатнинг олий лавозимига расман киришди.
Маълум бўлишича, Радев 19–20 январ кунлари президентликдан кетишини эълон қилди. У бу қарорни мамлакатдаги чуқур сиёсий тугунлар ва навбатдан ташқари парламент сайлови билан боғлаб, ўзи ҳам сиёсий жараёнда фаол иштирок этиш нияти борлигини билдирган. Конституция талабларига кўра, унинг ваколатлари тугатилганидан сўнг президент вазифасини вақтинча вице-президент бажаради — айнан шу механизм ишга тушди.
61 ёшли Иллияна Йотова энди парламент партиялари билан маслаҳатлашувлар ўтказиб, янги сайлов санаси бўйича қарор қабул қилиши керак. Болгарияда охирги йилларда ҳукуматни барқарор шакллантириш қийин кечаётгани учун сайловлар кетма-кет такрорланмоқда — Европа ОАВларида бу 2021 йилдан бери еттинчи сайлов экани таъкидланади.
Йотова сиёсатда “кеча келган” кадр эмас: у 2007–2017 йилларда Европарламент депутати бўлиб ишлаган, терроризмга қарши кураш, миграция масалалари ва Болгариянинг Шенгенга қўшилиши каби йўналишларда фаол кўринган. Кейин вице-президент сифатида хориждаги болгарлар, тил ва маданий алоқалар мавзусига алоҳида эътибор қаратгани айтилган.
Энг қизиғи — ҳозирги вазиятда Йотованинг олдидаги асосий “матч”: партиялар ўртасида келишув муҳитини яратиш ва сайловгача бўлган даврни илoжи борича тинч ўтказиш. Қисқаси, сиёсатда “плей-офф” бошланган — ва бу сафар капитан аёл.