Икки ўғлини денгиз оқимидан қутқармоқчи бўлган она ҳалок бўлди

Икки ўғлини денгиз оқимидан қутқармоқчи бўлган она ҳалок бўлди
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Багама оролларида икки фарзандини денгиздаги кучли оқимдан қутқаришга уринган 36 ёшли британиялик Лианн Грегори фожиали тарзда вафот этди.
  • Бимини ороли яқинида юз берган ҳодисада болалар қутқарув хизматлари томонидан сувдан сог-саломат олиб чиқилган.
  • Аёлнинг турмуш ўртоғи Нейтан Грегори ва қайиқ капитани Линти Стюарт уни қутқаришга ҳаракат қилган бўлса-да, шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қола олмади.

Багама оролларида икки фарзандини денгиздаги кучли оқимдан қутқаришга уринган 36 ёшли британиялик аёл фожиали тарзда ҳалок бўлди. Бу ҳақда Daily Mail нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, оила Бимини оролининг жанубий қисмида денгизда бўлган вақтда кучли оқим аёлнинг икки ўғлини ўз домига тортган. Фарзандларини хавфдан қутқариш мақсадида сувга тушган Лианн Грегори эса оқим таъсирида ўзи ҳам қийин аҳволда қолган.

Багама ороллари полицияси маълумотига кўра, 20 октябрь куни соат 10:00 дан кўп ўтмай, Бимини оролидаги Элис-Таун полиция бўлимига паром бекатида бир аёл ҳушсиз ҳолда топилгани ҳақида хабар келиб тушган. Ҳуқуқ-тартибот ходимлари воқеа жойига етиб келганида, аёл маҳаллий клиникага олиб кетилган эди. Шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қолиш учун барча зарур чораларни кўрган, бироқ уни қутқаришнинг иложи бўлмаган.

Лианннинг икки ўғли қутқарув хизматлари томонидан сувдан олиб чиқилган. Аёлнинг 36 ёшли турмуш ўртоғи Нейтан Грегори ҳам рафиқасини қутқаришга ҳаракат қилган. У хотинига сунъий нафас беришга уринган бўлса-да, бу ҳаракатлар натижа бермаган.

Ҳодиса вақтида қайиқ капитани бўлган Линти Стюартнинг айтишича, қайиқдагилар сувда икки бола ва уларнинг онасини кўриб қолишган. Атрофдагилар болаларни сувдан чиқаришга муваффақ бўлган, аммо кучли оқим туфайли аёлни қутқариш анча қийин кечган. Қайиқ экипажи аёлни жонлантиришга ҳам уринган, бироқ унинг ҳаётини сақлаб қолиш имкони бўлмаган.

Ҳодиса гувоҳларидан бири Лианн фарзандларини қутқариш учун ўз ҳаётини хавф остига қўйганини таъкидлаб, уни қаҳрамон деб атаган. Унинг сўзларига кўра, болалар яхши суза олган, аммо денгиздаги кучли оқим вазиятни бир зумда хавфли тусга киритган.

Айни пайтда аёлнинг ўлим сабабини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертиза ўтказилиши кутилмоқда. Багама ороллари полицияси ҳодиса юзасидан тергов бошлаган. Дастлабки маълумотларга кўра, воқеада жиноят аломатлари аниқланмаган.

Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги марҳуманинг яқинларига ҳамдардлик билдириб, маҳаллий идоралар билан алоқада эканини ва оилага зарур ёрдам кўрсатаётганини маълум қилган.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар