Хитойда одамлар номидан пул эвазига жанжаллашиб берадиган хизматлар мавжуд

Хитойнинг Гуанчжоу шаҳрида қўлида «Сизнинг номингиздан тортишиб бераман» деган ёзувни ушлаб олган эркак тасвирланган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди. У одамлар ўртасидаги келишмовчиликларда мижоз номидан тортишиб бериш хизматини таклиф қилмоқда.
Эркакнинг айтишича, у бу хизмати учун вақт чекловисиз 188 юань, яъни тахминан 26 АҚШ доллари олади.
Аслида, Хитойда бошқалар номидан жанжаллашиб бериш хизмати янги эмас. 2019 йилда маҳаллий оммавий ахборот воситалари «Таобао» каби онлайн савдо платформаларида бундай хизматлар таклиф қилинаётганини ёзган. Ўша пайтдаги маълумотларга кўра, хизмат нархи 5 юандан 200 юангача бўлган. Тортишув телефон, SMS ёки WeChat орқали амалга оширилиши мумкин эди.
Айрим хизмат кўрсатувчилар Сичуань каби маҳаллий шеваларда тортишиб бериш учун қўшимча ҳақ олган. Сабаби, турли шевалардаги нутқ услуби ва ифодаларнинг таъсири бир-биридан фарқ қилади.
Ҳуқуқшунослар эса бошқа одамни ҳақорат қилиш ёки унинг тинчлигини бузишга қаратилган бундай хизматлар ҳуқуқий муаммоларга сабаб бўлиши мумкинлигини таъкидлаган.






























Изоҳлар 0
…