Хитойда ҳайвонлар дафни учун миллионлар сарфланмоқда

Хитойда ҳайвонлар дафни учун миллионлар сарфланмоқда

Хитойда уй ҳайвонлари билан хайрлашишга мўлжалланган махсус хизматлар жадал ривожланмоқда. Бироқ миллиард долларлик бу соҳа ҳанузгача ягона назорат тизимига эга эмас.

Май ойида Ляонин провинциясининг Далянь шаҳридаги ҳайвонлар дафн уйларидан бирида таъсирли ҳолат кузатилди. Саккиз йил боққан кумушранг британ мушугидан айрилган жуфтлик севимли ҳайвони билан сўнгги бор хайрлашди. Юрак хасталигидан вафот этган Пидан лақабли мушук учун улар хотира маросими ўтказиб, кейин уни кремация қилишга юборишди.

Бундай манзаралар Хитойда тобора кўпаймоқда. Tian Yan Cha маълумотларига кўра, мамлакатда ҳайвонларни дафн этиш билан боғлиқ 43 600 та компания бор. Фақат 2022 йилда 27 100 та янги компания рўйхатдан ўтган.

iiMedia Research ҳисоботига кўра, 2022 йилда ушбу бозор қиймати 10 миллиард юан, яъни тахминан 1,5 миллиард долларни ташкил этган.

Бозорнинг ўсиши мамлакатда уй ҳайвонлари сони ортиши билан ҳам боғлиқ. Ўтган йили Хитой шаҳарларида тахминан 53 миллионта ит ва 73 миллионта мушук қайд этилган.

Махсус дафн уйлари эвтаназия, танани тайёрлаш, хотира маросими, кремация, кулни сақлаш, қабрга дафн қилиш ва эсдалик буюмларини тайёрлаш каби хизматларни таклиф этади. Нарҳлар 1000 юандан ўн минглаб юангача боради.

Масалан, тўрт нафар ходим ҳайвон тобутини кўтариб, лимузинда олиб кетадиган «юқори даражада индивидуал тайёрланган» маросим 9880 юан туради. Айрим жойларда диний маросимлар 1800 юанга ўтказилса, ҳайвон кулларини «ҳаёт кристалли»га айлантириш 18 000 юанга баҳоланади.

Qora kiyimdagi kishi gullar bilan bezatilgan savatga mayda narsalar sepmoqda.

Мутахассислар бундай маросимлар, аввало, ҳайвон эгаларининг руҳий эҳтиёжини қондиришини таъкидламоқда. Маросимларда гуллар, хайрлашув ёпинчиқлари, хотира деворлари, панжа излари туширилган қутичалар ва ҳайвон жуни сақланган идишлардан фойдаланилади.

Шу билан бирга, соҳада жиддий муаммолар ҳам бор. Ҳайвонлар дафни саноатини тўлиқ назорат қиладиган ягона давлат органи мавжуд эмас. Ҳуқуқшунос Фу Цзяннинг айтишича, назоратнинг турли идоралар ўртасида бўлингани айрим қоидабузарликларнинг олдини олишни қийинлаштиради.

Бундан ташқари, ягона стандартлар йўқлиги сабабли айрим шартномаларда хизмат мазмуни ва сифати аниқ белгиланмайди. Бу эса мижозларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишини қийинлаштиради.

2024 йилда Шэньчжэнь шаҳрида бир фуқаро мушугини алоҳида кремация қилиш учун 700 юан тўлаган. Кейин дўкон берган видеодан кремация қилинган мушук унинг ҳайвони эмаслигини пайқаган. Кўплаб музокаралардан сўнг дўкон унинг мушуги бошқа ҳайвонлар билан бирга кремация қилинганини тан олган.

Шу тариқа, Хитойда ҳайвонлар дафни саноати тез суръатларда ўсиб, катта маблағ айланадиган бозорга айланмоқда. Аммо соҳа ривожи билан бирга хизмат сифати, назорат ва ҳайвон эгаларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари ҳам долзарб бўлиб қолмоқда.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар