Хитойлик амалдор 150 минг долларга давлат сирларини сотди: у қандай фош бўлди?

Хитойда хорижий разведка хизмати билан ҳамкорлик қилиб, давлат сирларини чет элга узатган амалдор ўлим жазосига ҳукм қилинди. Фақат Ма фамилияси билан таништирилган шахс 100 дан ортиқ разведка маълумотини етказган, уларнинг 35 таси кейинчалик давлат сири сифатида таснифланган. У бу хизматлари учун 1 миллион юандан ортиқ, яъни тахминан 150 минг доллар олган.
Бу ҳақда Хитойнинг Давлат сирларини ҳимоя қилиш миллий бошқармаси билан боғлиқ расмий ахборот канали тарқатган хабарда маълум қилинди. Reuters агентлиги ҳам ушбу маълумотни ёритган, бироқ воқеа тафсилотларини мустақил равишда тасдиқлай олмаганини қайд этган.
Хитойлик амалдор қандай қилиб разведка тузоғига тушди?
Расмий хабарда келтирилишича, Ма хорижда хизмат вазифасини бажараётган вақтида чет эл разведкаси вакили билан танишган. У «Кайлин» тахаллуси билан таништирилган шахс билан хитой тилини ўрганиш баҳонасида мунтазам учрашиб турган.
Дастлаб оддий мулоқот шаклида кечган муносабатлар вақт ўтиши билан сиёсий ва махфий маълумотларга оид саволларга кўчган. Кейинчалик «Кайлин» унга бошқа бир шахсни таништирган. У эса амалдорнинг аввалроқ махфий маълумотларни ошкор қилганини Хитой ҳукуматига хабар бериш билан таҳдид қилган.
Шундан сўнг Ма хорижий разведка билан ҳамкорлик қилишга рози бўлган. У билан махфийлик ва садоқат шартлари акс этган келишув имзоланган. Амалдорга мунтазам пул тўлаб борилган, маълумотларни қабул қилиш ва юбориш учун эса махсус ноутбук берилган.
100 дан ортиқ маълумотни чет элга узатган
Хитойга қайтганидан кейин ҳам Ма жосуслик фаолиятини давом эттирган. У хизмат вазифаси туфайли фойдалана олган махфий ҳужжатлардан керакли маълумотларни ажратиб олган, кечқурун эса уларни махсус интернет платформалари орқали хорижга юборган.
Расмий хабарда келтирилишича, у жами 100 дан ортиқ разведка маълумотини узатган. Уларнинг 35 таси кейинчалик давлат сири сифатида таснифланган.
Бу фаолияти учун амалдор 1 миллион юандан ортиқ маблағ олган. Бу ҳозирги ҳисоб-китобларда тахминан 150 минг АҚШ долларига тенг.
Амалдорга қандай жазо тайинланди?
Хитойдаги суд Ма фамилияси билан таништирилган амалдорни ўлим жазосига ҳукм қилган. Шунингдек, унинг барча шахсий мол-мулкини мусодара қилиш тўғрисида қарор чиқарилган.
Бироқ иш бўйича муҳим тафсилотлар ошкор этилмаган. Хусусан, амалдор қайси давлат идорасида ишлагани, қайси хорижий разведка хизмати билан ҳамкорлик қилгани, суд жараёни қачон ва қаерда ўтказилгани маълум қилинмаган.
Энг муҳими, ҳукм ижро этилган-этилмагани ҳақида ҳам расмий маълумот йўқ. Шу сабабли ҳозирча амалдор ўлим жазосига ҳукм қилингани ҳақида гапириш мумкин, аммо жазо ижро этилганини тасдиқловчи маълумот мавжуд эмас.
Reuters агентлиги ҳам Хитой расмий манбалари тарқатган хабарни мустақил равишда текшира олмаганини билдирган.
Хитойда бу хабар нима учун катта муҳокамага сабаб бўлди?
Мазкур воқеа ҳақидаги хабар давлат оммавий ахборот воситаларида кенг тарқалди. 23 ноябрь куни эрталаб у Хитойнинг Weibo ижтимоий тармоғида энг кўп муҳокама қилинган мавзулардан бирига айланди.
Хитойнинг давлат сирларини ҳимоя қилиш идоралари сўнгги йилларда хорижий разведка хизматларининг амалдорларни ҳамкорликка жалб қилиш усуллари ҳақида ижтимоий тармоқлар орқали мунтазам огоҳлантиришлар бериб келмоқда.
Ушбу ишда ҳам дастлаб ишончли муносабат ўрнатиш, молиявий манфаат таклиф қилиш ва кейинчалик таҳдид орқали босим ўтказиш усуллари қўллангани айтилмоқда.
Мазкур воқеа Хитойда давлат сирларини ҳимоя қилиш ва хорижий разведка фаолиятига қарши кураш масалалари яна кун тартибига чиққанини кўрсатди.
Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар

































Изоҳлар0
…