АҚШда 4 йилдан бери университет кампусида яшаб келган мушукка фахрий докторлик унвони берилди

АҚШнинг Вермонт штатидаги Кастлтон кампусида ўтказилган битирув маросимида ноодатий воқеа юз берди. Университет раҳбарияти талабаларга эмас, балки кампусда яшовчи Макс лақабли мушукка фахрий докторлик унвонини топширди.
Тахминан тўрт йилдан бери университет ҳудудида яшаб келаётган Макс талабалар орасида машҳурликка эришган. У кўпинча талабаларга ҳамроҳлик қилган, айниқса, имтиҳонлар вақтида уларга руҳий далда бўлган. Шу тариқа мушук кампуснинг ўзига хос тимсолига айланган.
Университет Максни “Doctor of Litter-ature” деб номланган ҳазиломуз фахрий унвон билан тақдирлади. Бу ном инглиз тилидаги “Doctor of Literature” — “Адабиёт доктори” иборасига оҳангдош бўлиб, ундаги “literature” сўзига мушуклар учун ишлатиладиган қум маъносидаги “литтер” сўзи қўшилган.
Макснинг тақдирланиши талабалар томонидан қувонч билан кутиб олинди. Айримлар ҳали ўзлари докторлик даражасига эришмасидан мушук бу унвонга эга бўлганини ҳазил билан изоҳлади. Бошқалар эса Макс бундай эътирофга муносиб эканини айтди.
Битирувчилардан бири кайфияти тушган пайтларда Максни силаш унга доимо таскин берганини таъкидлади. Шу тариқа кампус мушуги университет ҳаётидаги алоҳида ўрнига муносиб рамзий эътирофга сазовор бўлди.































Изоҳлар 0
…