Боливияда бир асрдан сўнг янги ёввойи мушук тури топилди

Боливияда бир асрдан сўнг янги ёввойи мушук тури топилди
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Боливияда 100 йилдан ортиқ вақт ўтгач, мутлақо янги ёввойи мушук тури аниқланди.
  • Леопардус тилкаё номи билан аталган ушбу кичик мушук, ўзининг леопардсимон доғлари ва юмалоқ қулоқлари билан ажралиб туради.
  • Ушбу кашфиёт, 1923 йилда Уругвай пампас мушуги аниқланганидан бери биринчи марта янги ёввойи мушук турининг топилиши бўлиб, Куррент Биологй журналида чоп этилган тадқиқот натижалари билан тасдиқланган.

Боливиялик олимлар дунё илм-фани учун муҳим бўлган кашфиётни амалга оширди. Мутахассислар 100 йилдан ортиқ вақт ичида илк бор мутлақо янги ёввойи мушук турини аниқлади.

Кичик ҳажмли ушбу ёввойи мушук ташқи кўринишидаги леопардсимон доғлари сабабли Тилкаё йўлбарс мушуги деб аталмоқда. Янги тур Боливия пойтахти Ла-Пас шаҳри яқинида жойлашган тоғли Юнгас ҳудудида аниқланган.

Тадқиқот гуруҳи таркибида бўлган биолог ва National Geographic Explorer Паула Ногалес Скаронининг айтишича, Боливия Андларида яшовчи маҳаллий аҳоли бу ҳайвонни кўпинча оддий хонаки мушук деб ўйлаб келган.

Янги турга маҳаллий жамоалар томонидан берилган Тилкаё номи асосида илмий жиҳатдан Leopardus tilcayo номи берилган.

Ногалес мазкур кашфиётни ниҳоятда муҳим ва ноодатий воқеа сифатида баҳолади. Унинг таъкидлашича, сўнгги 100 йил давомида янги ёввойи мушук тури аниқланмагани ушбу топилманинг аҳамиятини янада оширади.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, бундан олдинги янги ёввойи мушук тури 1923 йилда — Уругвай пампас мушуги аниқланган пайтда қайд этилган. Шу маънода Тилкаё йўлбарс мушугининг кашф этилиши орадан бир аср ўтиб амалга оширилган биринчи шундай топилма бўлди.

Тилкаё хонаки мушукдан бироз кичикроқ бўлиб, унинг танаси узунлиги тахминан 45 сантиметрни ташкил этади. Унинг яна бир ўзига хос белгиси — юмалоқ шаклдаги қулоқларидир.

Dog'simon yovvoyi mushuk metall to'sin ustida o'tiribdi.

Ногалеснинг маълум қилишича, олимлар ҳозирга қадар аниқланган икки ҳайвоннинг тўлиқ геномлари асосида илғор генетик тадқиқотлар ўтказган. Ушбу текширувлар янги турнинг ўзига хос генетик хусусиятларини аниқлашда муҳим аҳамият касб этган.

Аниқланган ҳайвонлардан бири — эркак Тилкаё ҳозирда Юнгас ҳудудидаги ҳайвонлар бошпанасида сақланмоқда. Уни аввал парвариш қилган маҳаллий оила кейинчалик ҳайвонни масъул идораларга топширган.

Иккинчи ҳайвон эса урғочи Тилкаё бўлиб, маҳаллий аҳоли ҳужумидан қутқарилган. Кейинчалик мутахассислар уни яна табиий яшаш муҳитига қўйиб юборган.

Янги тур ҳақидаги илмий тадқиқот натижалари Current Biology журналида чоп этилди. Мазкур кашфиёт ортида олимларнинг 2021 йилдан бери олиб бораётган изланишлари ётибди.

Ногалеснинг таъкидлашича, ҳозирча Тилкаё йўлбарс мушуги фақат Боливия ҳудудида учраган. Унинг Ер шарининг бошқа ҳудудларида мавжудлиги ҳақида ҳозирча ҳеч қандай далил топилмаган.

Айни вақтда ушбу ёввойи мушук камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остидаги тур сифатида баҳоланмоқда. Популяцияси жуда чеклангани сабабли, яқин келажакда у дунёдаги энг камёб ва йўқолиб кетиш хавфи энг юқори бўлган ҳайвон турларидан бири сифатида таснифланиши мумкин.

Олимлар учун ушбу кашфиёт нафақат янги турни илмий жиҳатдан тасдиқлаш, балки унинг табиий муҳитини ўрганиш ва келажакда муҳофаза қилиш чораларини белгилаш нуқтаи назаридан ҳам катта аҳамиятга эга.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар