Эрих Лежен — Германиянинг гуллаб-яшнашига муносиб ҳисса қўшган мультимиллионер. Дастлаб у ночорликда умр кечирган, кейин миллионерга айланган. Аммо шундан сўнг касодга учраб, бор-будидан жудо бўлган. Бойлик чўққилари сари астойдил интилгани боис Лежен яна ўзини қайта тиклай олган. Қуйида унинг ўзига хос қоидаларидан баҳраманд бўласиз.
Сиз изланишларингизни ҳар куни эрталаб шундай саволлар билан бошланг: «Мен аслида қайси соҳада биринчи турибман?» Ёки «Қайси жабҳада биринчи бўла оламан?» Ўзингиздан яна шундай деб сўранг: «Мен қай томонлама кучлиман? Нималарга таянишим мумкин? Кучли томонларим қаерда? Шу пайтгача ҳаётимда қай даражада яхши ишларни амалга оширишга улгурдим?».
Сиз ўзингизга ҳар томонлама мос мақсадни излашингиз ва у истеъдодингиз, қобилиятларингизга аниқ тарзда мувофиқ келишига ишонишингиз керак. Учинчиси берилмаган.
* * *
Сизга энг муҳим фикрни билдиришга изн беринг. Ким бирданига миллионер ёки миллиардер бўлишни истаса, яхшиси, лотерея ўйнасин! Фақат бу одам бойликка эришиш учун оташин ғоя кераклигини тушуниб етмаган бўлади. Бундай оташинлик ҳар доим бутун вужудингни эгаллаши лозим. Ана шунда миллион ўз-ўзидан пайдо бўлади. Бироқ пуллар ҳеч қачон инсоннинг интилиш манзили бўлмаслиги керак.
* * *
Сизнинг омадни исташингиз ва унга эришишингиз ҳақидаги ишонч ақлингиз, тафаккурингиз, онгингиз ва ботиний онгингизни қамраб олиши зарур. Бунга қандай эришилади? Жуда оддий. Кичик муваффақиятларни жамлаш орқали. Сизнинг омад ҳақидаги ҳис-туйғуларингиз ҳаётий мавқеингизни, маънавий ҳолатингизни, ўзингизни қай йўсинда тута олишингизни, бошқалар билан муомала-муносабатингизни белгилаб бергандагина улкан муваффақият бўй кўрсатади. Ахир, орзу, истак ва мақсадни доимий такрорлашлар орқали онг остида мустаҳкамламасангиз, улар тортиш кучини тезда йўқотади.
Тибет монахларига таниш кундалик ибодатнинг сири айнан шу билан боғлиқ. Улар Лхаса шаҳридаги ҳар қадамда қиладиган зиёратларида махсус сўзларни такрорлашади. Муваффақиятлари билан талтайиб кетган бу одамларнинг сири ана шунда. Билмаган одамлар эса ғайирлик қилиб, «уларнинг омади чопган», деб ўйлашади. Тибет монахлари нималар дейишаркан-а? Ўйлашимча, бу жумла шундай янграйди: «Мен ўз мақсадимга эришаман. Мен – ғолибман!». Ҳар куни эрталаб ишга боришдан олдин кўзгу қаршисида туриб, бу сўзларни 30 марта такрорланг! Сиз ўз мақсадингизга эришасиз!
Юқоридагилардан келиб чиқиб сизга берадиган масалаҳатим: оддий ҳодисалар, суҳбат ва учрашувларда ҳам ўз онгингизни омадга мос тарбияланг. Бу билан ўзингизни «ўт олдирган» ва улкан муваффақиятга ташна қилган бўласиз.
* * *
Менинг муваффақиятларим ҳар куни эрталаб қайта-қайта туғилади. Кўзгу қаршисида турганимда ўзимни шунга ишонтираман. Ва ишонинг, дунёда ҳеч ким қаршингиздаги ойнада акс этган хилқат каби сизга жўшқинлик билан муваффақият тилай олмайди. Кечқурун нималарга эришишни хоҳлашингизни фикран тасаввур қилинг. Бу мақсад қандай намоён бўлишини яққол кўз олдингизга келтиринг ва билимингиз, тажрибангиз, ботиний онгдаги ҳиссиётларингизга ишонинг. Мана шу учта қудратли ички кучингиз олдингизга қўйган мақсадга қай тарзда эришишингизни кўрсатиб беради. Сиз мақсадларингиз рўёбга чиқиши учун ишонч ва сабр-тоқатга қайта-қайта мурожаат қилаверасиз. Улар омад ҳақидаги ҳис-туйғуларингиз даражасининг кўрсаткичи ҳисобланади.
* * *
Қуйидаги сўзлар сизни омад сари туртиши керак: «Мен бошқа юмушлардан кўра кўпроқ руҳлантирадиган ўз вазифамни, ўзимнинг ҳаётий фильмимни излайман. Бу йўлда менга маъқул жабҳада росманасига биринчи бўлмагунча ўзимни тўкис инсонга айлантирадиган ҳамма нарсани ўрганаман». Ўзингизнинг ҳаётий фильмингиз учун муносиб одамни изланг!
«Мен – биринчиман!» ёки «Биринчи бўлмасам ҳам ўша даражага эришишимни ҳис қиляпман. Биринчи бўлмагунча ўз устимда ишлайвераман». Бундай ёруғ ҳиссиётларга рўйи-рост ва қўшимча изоҳларсиз шўнғисангиз, келиб чиқиши, ёши, тили ва фаолият доирасидан қатъи назар, сайёрамиздаги омадли инсонларни нималар боғлаб турганини англаб оласиз. Бу — ҳиссиёт алангаси ва мустаҳкам билим туфайли айтиладиган сўзларда намоён бўлади: «Мен ростакамига биринчиман ёки тез орада биринчи бўламан!».
Ўзингизда доимий тарзда шундай ишонч пайдо қилиш учун ютуқларингизни ва ҳар томонлама фақат сиз даъвогарлик эта оладиган ўз тимсолингизни яратишингиз лозим. Бир сўз билан айтганда, ўзингиз ва ўзингиз ишлашни хоҳлаган муҳит ҳақида яққол тасаввурга эга бўлишингиз керак.
Менинг вақти келиб ўзим эришадиган тасаввурим НКS 12 даража кўрсаткичига мувофиқ келадиган қизил фондаги оқ ҳарфлардан иборат «СЁ» фирма рамзида уйғунлашган эди. Электрониканинг бу кўзлари мени ҳамиша ижодий қувват билан тўйинтирган, менга куч, мардонаворлик бериб, омадсизликка учраганимда қайта курашишга ундаган.
* * *
Эришмоқчи бўлган мақсадингиз тиниқ, ишончли тимсоллар билан уйғунлашиши керак. Чунки ботиний онг мавҳум буйруқларни эмас, фақат тимсолларни муҳрлайди. Қўшимча равишда айтадиганим: ботиний онгда ҳар қандай, ҳатто салбий тимсоллар ҳам муҳрланади. Шу тариқа сиз ҳар қандай вазиятда ҳам онгингиз орқали ўзига хос назорат ўрнатиб, яқин ва узоқ келажакдаги ҳаётий йўлингизда салбий тимсоллар шаклланишига йўл қўймайсиз.
Масалан, қаерда ишламоқчи бўлсангиз, ўша жойни бутун тафсилотлари билан тасаввур қилинг. Тасаввурингиз сизга қандай чизса, фикран ўшандай жойни барпо этинг. Ўзингиз хоҳлаган суратларни хаёлан деворга илиб чиқинг.
* * *
Танг аҳволда яшайдиган одам билан муваффақиятли инсон ўртасида айтарли фарқ йўқ. Уларнинг иккаласи ҳам мутлақо бир хил қарашларга эга бўлиши мумкин. Битта соҳага қизиқишлари, бир нарсадан завқланишлари ва бир нарсани ҳис қилиб, бир хил даражада қувонишлари мумкин.
Фақат ҳаётий қарашларда кичкина тавофут мавжуд бўлиб, бу пул ва муваффақиятга муносабатни белгилайди. Ўз қобилиятлари, ғоялари, шунингдек, ҳамиша шайлиги туфайли зўр бериб ишлаётган киши ҳаддан зиёд оддий яшайди. Ваҳоланки, у ўзининг қобилиятларини пул билан тўғри тарзда боғлаши мумкин эди. Ана шу кичкина тафовут бир талай жабҳалардаги етишмовчиликлар учун жавобгардир. Пул ҳақидаги нотўғри тушунча кўпинча бахт, муҳаббат ва шахсий эркинликка зиён етказади.
* * *
Пул ҳамиша мўл-кўллигини ўзингизга тушунтиринг. Ҳар куни миллиардлаб доллар, евро, Швейцария франки, фин маркалари ишга тикилади ва дунё бўйлаб айланади. Гап сизнинг ҳисобингизга керакли маблағ келиши учун ўз салоҳиятингиз ва ҳаракатларингиз ёрдамида бу қувват оқимини ёриб киришингизда.
Агар ушбу қувват оқимидан қандайдир танқислик сезсангиз, омад, пул ва ўзингизга нисбатан идрокингизни ўзгартиришингизга тўғри келади. Танланг: ё келажагингиз яхшиланиши учун ишлаб топаётганингиздан кўра аввалгидек кўп пул сарфлайсиз, ёки молиявий мустақилликка эришиш мақсадида фикрларингиз ва ишларингизни оташин истак бошқаришига ҳаракат қиласиз. Ана шунда шахсий тажрибангизга кўра, ушбу янги қурилма нақадар афзал эканлигини тезкорлик билан синаб кўрасиз: ўзингизга хослигингизни ҳар жиҳатдан кучли ҳис этасиз. Сиз хушфеъл, шодмон ва бахтиёр одамга айланасиз! Пуллар пулларга — айнан шу туфайли сизнинг омадга йўғрилган ички қурилмангиз уларни худди оҳанрабо каби бир-бирига торта бошлайди.
* * *
Ҳар бир омад тарихини ўрганиб, у қандай кириб келгани билан қизиқинг. Уни инсон яратгани ва у инсонни ҳаракатга ундаганини унутманг. Бу – мардонаворликка эришиш ва жасорат кўрсатиш сари муҳим қадамдир. Ана шунда омад – оддийгина рўй берадиган ҳодиса бўлмай, бир ёки бир неча кишининг кучи ёрдамида яратиладиган улкан қувват оқими босими остида вужудга келишини англаб оласиз. Онгингизда қуйидаги сўзлар учун жой очилади: «Мен ҳам шу каби ютуққа эришаман! Эплай олишимни биламан, фақат буни хоҳласам кифоя. Ана шунда дарҳол ишга киришаман!»
* * *
Мен югуриш, сайр қилиш, катта теннис ва сузиш орқали ўзимнинг қоматимни тутиб юраман. Бундан ташқари доимий тарзда саунага бораман. Қоматимни тутишимда кўпкунлик таътил олишимга ҳожат қолмайди. Дам олиш учун ўз идорамни саккиз кундан кўпга тарк этмайман. Алп чўққиларини кўзлаб мунтазам равишда альпинистларча тоққа кўтариламан.
Иш вақтим кечи билан эрталабки соат еттида бошланади. Унгача иккита газета ўқишга, нонушта устида ишга алоқадор музокаралар ўтказишга улгураман. Бу эса кўпинча тонгги соат тўртда уйқудан туришимни кўрсатади. «Соғлом танда — соғ ақл».
А.Фатҳуллаев тайёрлади.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шимолий Корея Россияга узоққа зарба берувчи қуроллар юборди
Тюмен областига Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари ишга жалб қилинади
Дунёнинг машҳур аёллари кунни қандай бошлайди?
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин
Ижтимоий тармоқлар даврида руҳий саломатликни қандай сақлаш мумкин?
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди