Оддий «V» ишораси ортида қандай хавф яширинган?

Оддий «V» ишораси ортида қандай хавф яширинган?
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Селфиларда кенг қўлланадиган «В» ишораси юқори аниқликдаги камералар ва сунъий интеллект ёрдамида шахснинг бармоқ изларини ўғирлаш хавфини туғдирмоқда.
  • Хитойлик мутахассис Ли Чангнинг таъкидлашича, 1,5 метрдан кам масофада олинган суратларда бармоқ изларини тўлиқ тиклаш эҳтимоли юқори, уч метргача бўлган масофада эса уларнинг ярмини аниқлаш мумкин.

Биометрик маълумотлардан хавфсизлик мақсадида фойдаланиш тобора оммалашаётган бир пайтда мутахассислар селфида кенг қўлланиладиган «V» ишораси билан боғлиқ янги хавф ҳақида огоҳлантирмоқда. Уларнинг таъкидлашича, юқори сифатли камерада олинган суратларда бармоқ излари аниқ кўриниб қолиши ва улардан шахсий биометрик маълумотларни қўлга киритишда фойдаланиш мумкин.

Ғалаба ёки тинчлик рамзи сифатида ишлатиладиган, кўрсаткич ва ўрта бармоқни очиб кўрсатиш орқали ҳосил қилинадиган «V» ишораси халқаро оммавий маданиятнинг ажралмас қисмига айланган. Бироқ юқори аниқликда суратга олувчи камералар ва сунъий интеллект асосида ишлайдиган дастурлар ривожланиши билан бу оддий ишора ҳам хавфсизлик нуқтаи назаридан муаммо туғдириши мумкин.

Хитойлик хавфсизлик мутахассиси Ли Чанг ўтган ойда реалити-шоуда иштирок этиб, машҳур шахслардан бирининг селфиси мисолида бу хавфни кўрсатиб берди. У суратда «V» ишораси билан кўтарилган бармоқлар қанчалик аниқ акс этишини ва бундай тасвирлар шахсий биометрик маълумотларни ошкор қилиши мумкинлигини тушунтирди.

Чангнинг таҳлилига кўра, агар сурат 1,5 метрдан кам масофада олинган бўлса ва бармоқ камерага тўғридан-тўғри қаратилса, шахснинг бармоқ излари ҳақидаги маълумотларни тўлиқ тиклаш эҳтимоли жуда юқори бўлади. Шу сабабли селфилар алоҳида хавф туғдириши мумкин. Бироқ мутахассиснинг кўрсатишича, ҳатто уч метргача бўлган масофадан ҳам бармоқ изларининг тахминан ярмини аниқлаш имкони мавжуд. Бундай вазиятда эса сунъий интеллект технологиялари муҳим роль ўйнайди.

Теледастур давомида Чанг фото таҳрирлаш дастурлари ва сунъий интеллект ёрдамида паст сифатли тасвирларни яхшилаш мумкинлигини намойиш этди. Оддий кўз билан қараганда хира ва ноаниқ кўринадиган бармоқ излари махсус технологиялар орқали қайта ишлангач, анча батафсил ва равшан ҳолатга келтирилган.

Ayol kishi "V" belgisini ko'rsatmoqda va uning barmoq izi kattalashtirilgan.

Хитой Фанлар академияси криптография профессори Цзин Цзю ҳам бу хавфни тасдиқлади. Унинг таъкидлашича, юқори аниқликдаги камералар кенг тарқалиши натижасида фақат «V» ишораси туширилган сурат орқали ҳам қўлнинг бармоқ излари каби батафсил маълумотларини қайта тиклаш техник жиҳатдан мумкин бўлиб қолган.

Ли Чангнинг тажрибаси ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиб, фойдаланувчилар орасида шахсий маълумотлар оммавий равишда ўғирланиши мумкинлиги ҳақида хавотир уйғотди. Бироқ айрим мутахассислар бошқа бировнинг бармоқ изларини ўғирлаш ва улардан биометрик ҳимоя тизимларини бузишда фойдаланиш унчалик осон эмаслигини таъкидламоқда.

Чунки бармоқ изларини суратдан аниқлаш жараёнида ёруғлик шароити, камеранинг фокус масофаси ва тасвир сифати каби омиллар муҳим аҳамиятга эга. Бундан ташқари, шахснинг бармоқ изларини ишончли таққослаш учун бир нечта суратга эга бўлиш ҳам мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Шунга қарамай, биометрик маълумотлар хавфсизлигига эътибор қаратиш муҳим. Агар селфида «V» ишорасини кўрсатиш одатидан воз кечиш қийин бўлса, Ли Чанг ижтимоий тармоқларга жойлаштиришдан олдин бармоқ учларини хиралаштириш ёки рақамли таҳрирлаш воситалари ёрдамида бармоқ изларини ноаниқ ҳолатга келтиришни тавсия қилмоқда.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар