Етти ёшли қизининг онаси «Коинот гўзали» бўлди

Пуэрто-Рико вакили Женнифер Баррето «Коинот гўзали — 2026» халқаро танловининг ғолиби деб топилди. 27 ёшли гўзал нафақат ватанига нуфузли тожни олиб кетди, балки танлов тарихидаги илк она-ғолиб сифатида ҳам эътибор марказига тушди.
25 ноябрь куни Пуэрто-Рико пойтахти Сан-Хуан шаҳрида танловнинг 75-финал босқичи бўлиб ўтди. Кучли бешликдан Филиппин, Венесуэла, Пуэрто-Рико, Доминикан Республикаси ва Янги Зеландия вакиллари жой олди.
Иштирокчилар ташқи кўринишидан ташқари, ақл-заковатини ҳам намойиш этишди. Улар сунъий интеллектнинг ривожланиши, жамиятда аёлларнинг ўрни ва дунё етакчилари ҳақидаги саволларга жавоб беришди.
Шундан сўнг ўтган йилги ғолиба, мексикалик Фатима Бош янги «Коинот гўзали»нинг исмини эълон қилди.
«Янги қиролича, янги давр! Тожни ўз ватани Пуэрто-Рикога олиб кетаётган Женнифер Барретони табриклаймиз!» — дея хабар берди танлов ташкилотчилари.
Ғолиблик номи эълон қилинганида Женнифер ҳаяжондан кўз ёшларини тўхтата олмади. Унга танловнинг 75 йиллиги муносабати билан тайёрланган «Абадий мерос шуъласи» тожи топширилди.
Женнифер Баррето ҳақида нималар маълум?

Женнифер 1998 йил 17 декабрда гўзаллик танловлари билан яқиндан таниш оилада туғилган. Унинг бувиси ҳам 1972 йилда Агуадилла шаҳри номидан «Пуэрто-Рико коинот гўзали» танловида қатнашган.
Баррето тадқиқот психологияси ва клиник ижтимоий иш йўналишларида иккита магистрлик даражасига эга. У илк бор 2026 йил февраль ойида подиумга чиққан ва ёзда мамлакат миқёсидаги гўзаллик танловида ғолиб бўлган.
Женнифер АҚШ армияси сержанти билан турмуш қурган. Улар етти ёшли Пенелопа исмли қизини тарбияламоқда. Баррето АҚШ Мудофаа вазирлиги тизимида ишлайди, оилавий зўравонликнинг олдини олиш ва ҳарбий хизматчилар оилаларига ёрдам бериш билан шуғулланади.
Танловда иштирок этишга қарор қилганидан сўнг у ҳаёт тарзини тубдан ўзгартириб, 32 килограмм вазн ташлаган.
Финал олдидан Женнифер мухлисларига мурожаат қилиб, тайёргарлик жараёнидаги машаққатлар ва орзулари ҳақида сўзлаган.
«Эрта тонгда уйғонишлар, чарчоқ, машғулотлар, кулги ва яна кўп воқеалар ортда қолди. Қилган меҳнатимдан фахрланаман ва ҳеч нарсага меҳнатсиз эришиб бўлмаслигини тушунаман. Энг катта орзум — Пуэрто-Рико ва бутун дунёни янада ранг-баранг қилиш. Дуоларингиз ва эзгу тилакларингиз менга ҳамроҳ бўлмоқда», — деган эди у.

Танловда Венесуэла вакили Клара Вегас биринчи вице-ғолибликни, Филиппин вакили Беа Миллан-Виндорски эса иккинчи вице-ғолибликни қўлга киритди.
Ғалаба ижтимоий тармоқларда баҳсларга сабаб бўлди
Женнифернинг ғалабаси ижтимоий тармоқларда турлича кутиб олинди. Айримлар уни табриклаган бўлса, бошқалар ҳакамлар қароридан норозилигини билдирди.
«Коинот гўзали бўлган илк онани табриклаймиз!», «У энг ёмон жавоб берган эди, лекин барибир ғолиб чиқди. Қандай адолатсизлик!» — дея изоҳ қолдирган фойдаланувчилар.
Бошқалар эса танлов ташкилотчиларининг қарорларини шубҳа остига олиб, ғолиблик натижасидан ҳафсаласи пир бўлганини ёзишган. Яна бир фойдаланувчи келаси йили танлов ташкилотчиси бўлган Коста-Рика вакили ғолиб чиқишини ҳазиломуз тарзда таъкидлаган.
Шу тариқа, Женнифер Баррето «Коинот гўзали» танловининг 75 йиллик тарихида ғолибликни қўлга киритди. Унинг муваффақияти мухлислар орасида қувонч билан бирга қизғин муҳокамаларни ҳам келтириб чиқарди.
Кейинги янгилик

Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар
































Изоҳлар0
…