Мутахассислар огоҳлантирди: 30 ёшдан кейин ҳаёт ўзгаради

Кўпчилик 30 ёшдан кейин ҳаётга нисбатан муносабати ўзгараётганини ҳис қила бошлайди. Илгари муҳим бўлган нарсалар аҳамиятини йўқотади, келажак ҳақида хавотирлар кучаяди ва инсон ўз ҳаётини қайта баҳолашга киришади. Мутахассислар бу ҳолатни ўрта ёш инқирози деб аташади.
Бу давр одатда 35–50 ёшлар оралиғида кузатилса-да, баъзи инсонларда 30 ёшдан кейин ҳам бошланиши мумкин. Инсон ўз орзу-мақсадларини воқелик билан солиштира бошлайди, вақтнинг чекланганини англайди ва ҳаётида ўзгариш қилиш истаги пайдо бўлади.
Ўрта ёш инқирозининг асосий сабаблари қаторига рўёбга чиқмаган орзулар, гормонал ва физиологик ўзгаришлар, фарзандларнинг улғайиши, ажрим, яқин инсонларни йўқотиш, ишдаги бир хиллик ва ҳаёт мазмунини қайта излаш киради. Шунингдек, жамиятнинг маълум ёшгача катта ютуқларга эришиш ҳақидаги қолиплашган қарашлари ҳам инсонга босим ўтказади.

Бу ҳолат бир неча ойдан 3–5 йилгача давом этиши мумкин. Бироқ атрофдагиларнинг қўллаб-қувватлаши ва ўзгаришларга тайёрлик бу жараённи енгиллаштиришга ёрдам беради.
Инқирознинг асосий белгилари орасида ўз ҳаётидан қониқмаслик, иш ёки яшаш жойини ўзгартириш истаги, ўтмишни кўп эслаш, тушкунлик, хавотир, ёлғизлик ҳисси, зерикиш ва ўзини бошқалар билан таққослаш ҳолатлари учрайди. Айрим инсонлар эса оиласи ва дўстларидан узоқлашиб кетиши мумкин.
Эркакларда бу давр кўпроқ ўз мавқеи ва ютуқларини қайта баҳолаш, куч ва жозибадорликни йўқотиш қўрқуви билан боғлиқ бўлади. Аёлларда эса гормонал ўзгаришлар, ташқи кўриниш ва оиладаги ўрнини қайта англаш билан кечади.

Мутахассислар бу даврни енгил ўтказиш учун ҳис-туйғуларни яширмаслик, шошилинч қарор қабул қилмаслик, мақсад ва қадриятларни қайта кўриб чиқишни тавсия этади. Шунингдек, тўғри овқатланиш, жисмоний фаоллик, сифатли уйқу, яқинлар билан мулоқот ва янги машғулотлар билан шуғулланиш ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Энг муҳими, ўзингизни бошқалар билан таққосламанг. Ҳар бир инсоннинг ҳаёт йўли ўзига хос. Агар тушкунлик ва хавотир кундалик ҳаётга салбий таъсир кўрсата бошласа, психолог ёки психотерапевтга мурожаат қилиш тавсия этилади.
Мутахассислар таъкидлашича, ўрта ёш инқирози ҳаётнинг тугаши эмас, балки инсон учун янги ва мазмунли босқичнинг бошланиши бўлиши мумкин.





























Изоҳлар 0
…