Илк бор дунёдаги энг гўзал сўз танланди

Халқаро экспертлар ҳайъати тарихда илк бор дунёдаги энг гўзал сўзни аниқлади. Ғолиб сифатида Янги Зеландиянинг туб аҳолиси — маори халқи тилидаги «Kaitiakitanga» сўзи танланди. Бу ҳақда чет тилларини ўрганиш бўйича Babbel платформаси маълум қилди.
Маълум қилинишича, «Kaitiakitanga» сўзи ўзбек ва бошқа кўплаб тилларда аниқ муқобилга эга эмас. У инсоннинг табиат олдидаги масъулияти, атроф-муҳитни асраб-авайлаш ҳамда уни келажак авлодларга соғ-омон етказиш бурчини англатади.
Маори халқи дунёқарашига кўра, инсон табиатнинг эгаси эмас. Аксинча, у табиатнинг ажралмас бир қисми ва уни муҳофаза қилишга масъул шахс ҳисобланади.
Танлов ташкилотчилари таъкидлашича, ғолибни саралашда сўзнинг нафақат чиройли талаффузи, балки унинг маъноси, маданий аҳамияти ва бугунги кундаги долзарблиги ҳам инобатга олинган.
Ғолибни аниқлаш учун Babbel жамоаси ижтимоий тармоқлар, тил форумлари ва турли муҳокамаларни ўрганиб чиққан. Якуний қарор тилшунослар ҳамда маданиятшунослардан иборат халқаро ҳакамлар ҳайъати томонидан қабул қилинган.
Танловда 75 дан ортиқ тилдан 223 та сўз иштирок этган.
Финалга чиққан энг машҳур сўзлар қуйидагилардан иборат:
Saudade (португал тили) — йўқотилган ёки эришиб бўлмайдиган нарсага бўлган чуқур соғинч.
Ikigai (япон тили) — инсонни ҳар куни ҳаётга ундайдиган мақсад ва яшаш мазмуни.
Hiraeth (уэльс тили) — қайтиб бўлмайдиган ватан ёки маконга бўлган кучли соғинч.
Ubuntu (зулу тили) — инсонийлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик ғояси.
Luftmensch (йиддиш тили) — моддий бойликдан кўра ғоя ва орзулар билан яшайдиган идеалист инсон.
Ташкилотчиларнинг билдиришича, мазкур танловнинг асосий мақсади дунё тиллари ва маданиятларининг бойлигини намоён этиш, шунингдек, айрим сўзлар бошқа тилларда бир оғиз сўз билан ифодалаш қийин бўлган ноёб тушунчаларни ўзида мужассам этишини кўрсатишдан иборат.






























Изоҳлар 0
…