07:30 / 11.09.2018
8 991

Она қадри

Она қадри
Мен шаҳарда дўконда ишлайман. Бир куни ишдалик пайтимда онам телефон қилдилар.

– Ассалому алайкум Онажон!

– Ва алайкум ассалом, Иқболжон яхшимисан болам? Болаларинг ҳам яхшими, келиним ҳам ишига бориб келяптими?

– Ҳа, раҳмат онажон. Дадам яхшимилар, укам, келин ҳаммалари яхши юришибдими?

– Тузук ҳаммаси яҳши, ўзим ҳам яхшиман болам.

– Ҳа онажон, тинчликми, телефон қилибсиз?!

– Тинчлик болам, эртага шанба келасизларми, деб телефон қилгандим.

– Эртага бўлаверсин-чи ойижон, вазиятга қараб айтаман-да, ишим чиқиб қолмаса албатта борамиз.

– Ҳа ишқилиб, ишинг чиқиб қолмасинда болам, биласан-ку соғиниб қоламан.

– Хўп ойижон, Худо хоҳласа борарман. Майли хайр, ёнимда одам бор эди... Кейинроқ ўзим телефон қиламан...

Телефонни столга қўйишим билан, дўконимга харидор бўлиб кирган, нотаниш киши кўзимга қаради.

Юзлари қандайдир маъюс, хиёл кулганча:

– Онангизмилар? – деб сўради.

– Ҳа онам...

– Улар бошқа жойда яшайдиларми? – яна саволга тутди бояги киши.

– Ҳа улар мендан анча олисда, масофа билан ҳисоблаганда 100 км дан ошиқроқ узоқликда яшайдилар.

– Ҳа-а, шунақами? Демак, 100 км денг... Бир гап айтсам хафа бўлмайсизми?

– Йўқ хафа бўлмайман, ака бемалол, – дедим ҳайрон бўлиб.

– Агар менда шундай имкон бўлганида ука, 100 км экан-ку, 1000 км бўлса ҳам, ҳар кун бориб қайтишга тайёр эдим... Қани мени ҳам Онам ҳаёт бўлсалар, қани энди улар ҳам сизни онангиз каби қўнғироқ қилиб, ёнларига чақириб, кел болам десалар, қани энди уларнинг тиззаларига бошимни қўйиб ухлай ололсам, қани энди онам бошимни силаб дуолар қилсалар ука. Афсуски, буни иложи йўқ! Ҳеч қандай йўл билан уларни қайтара олмайман ука… Онам энди йўқлар!

Сизда эса ҳаёт эканлар. Ука боринг олдиларига, кўнгилларини олинг, хизматларини қилинг, кейин мен каби афсус қилмайсиз. Ота-онангизни ҳаёт эканликлари сиз учун – Бахт!

Нотаниш киши онаси ҳақидаги армонларини гапирар экан ичимдан бир нарса узилгандек бўлди...

Боягина онамга бориш бормаслигим эҳтимол деганим ёдимга тушиб, уялиб кетдим. Беихтиёр яна телефонимни қўлимга олиб, онамни телефон рақамларини тердим...

– Ҳа болам, бирор гапинг эсингдан чиқиб қолибдими?! – дея, қайта қўнғироқ қилганимга ажабланиб сўрадилар онам.

– Ҳа онажон, эртага Худо хоҳласа албатта борарканмиз, шуни айтиб қўймоқчи эдим.

– Вой Худога шукр!

– Ҳа айтганча, яна ҳар сафаргидек болаларим келаркан деб, эрталабдан бир нарсаларга уннаб юрманг, ҳеч нарса керак эмас, бизга Сиз кераксиз!

Онам билан суҳбатлашарканман, бояги нотаниш кишининг кўзларида икки дона ёш томчилаганини кўрдим.

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Она қадри