Мундиалдаги илк дуранг: Канада сўнгги дақиқаларда қутқарилди

13 июнь куни 2026 йилги Жаҳон чемпионатининг “Б” гуруҳидан ўрин олган Канада ҳамда Босния ва Герцеговина терма жамоалари ўртасидаги 1-тур баҳси якунланди. Қизиқарли ва муросасиз кечган учрашувда томонлар 1:1 ҳисобидаги дуранг натижани қайд этди. Шу тариқа мундиалдаги илк дуранг расман рўйхатга олинди.
Торонто шаҳридаги “Бимо Филд” стадионида бўлиб ўтган баҳсни аргентиналик ҳакам Факундо Тельо бошқариб борди. Учрашув давомида ҳар икки жамоа ғалаба учун курашган бўлса-да, якунда ғолиб номи аниқланмади.
Ҳисоб ўйиннинг 21-дақиқасида очилди. Босния ва Герцеговина ҳужумчиси Йово Лукич аниқ зарба билан жамоасини олдинга олиб чиқди. Канада эса учрашувнинг сўнгги қисмида босимни кучайтирди ва 79-дақиқада Кайл Ларин ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди. Унинг голи канадаликларни мағлубиятдан қутқариб қолди.
Баҳснинг 84-дақиқасида Босния ва Герцеговина ҳимоячиси ҳамда жамоа сардори Сеад Колашинац жароҳат сабаб майдонни тарк этишга мажбур бўлди. Шу билан бирга, Канада терма жамоаси Жаҳон чемпионатлари тарихидаги илк очкосини қўлга киритди.
Мазкур натижадан кейин Канада ва Босния ва Герцеговина терма жамоалари бир очкодан жамғариб, гуруҳ жадвалида мос равишда биринчи ва иккинчи ўринларда жойлашди. Гуруҳнинг яна бир баҳсида Қатар ва Швейцария терма жамоалари 13 июнь куни тунда ўзаро куч синашади.
Кейинги турда Канада 19 июнь куни Қатарга қарши майдонга тушади, 24 июнь куни эса Швейцария билан баҳс олиб боради. Босния ва Герцеговина терма жамоаси 18 июнь куни Швейцарияга қарши ўйнаса, 24 июнь куни Қатар билан тўқнаш келади.





























Изоҳлар 0
…