19:00 / 21.07.2024
235

Янги раҳбар қўл остида: Рақобат қўмитаси сезиларли фаоллашди

Янги раҳбар қўл остида: Рақобат қўмитаси сезиларли фаоллашди
Рақобат қўмитасига янги раҳбар тайинлангач, қўмита фаолиятида жонланиш кузатилмоқда. Охирги бир неча ҳафта ичида қўмита бир қатор корхоналарни рақобат ёки реклама тўғрисидаги қонунчиликни бузган деб топиб, уларга нисбатан чора кўрди.

Тўхтаб қолган лифт импорти – ҳукуматга таклифлар берилди

Қўмита дастлаб лифт импортининг сунъий тарзда тўхтатиб қўйилгани юзасидан ҳукуматга мурожаат қилди. 4 ойдан бери тўхтаб турган лифт импорти тикланмаса, бу маҳаллий ишлаб чиқарувчининг фойдасига ишлаб, соҳада салкам монополияни юзага келтиради. Монополияга қарши орган бу вазиятда импортёр корхоналарнинг бекор қилиб юборилган мувофиқлик сертифатларини тиклаш, лифтларни синовдан ўтказишга хусусий секторни жалб қилишни илгари сурди. Ҳозирча бу таклифларга ҳукумат идоралари очиқ муносабат билдирганича йўқ.

“Лукойл” кейси

Рақобат қўмитаси лифт бозоридан ташқари, техник олтингугурт бозорида ҳам нархлар сезиларли ошганига эътибор қаратди. Қўмитанинг ўрганишларига кўра, юқори даражада монополлашган ва нархлари биржада белгиланадиган олтингугурт ўртача 10 фоиздан 50 фоизгача қимматлашиб кетган. Бу эса занжир реакцияси орқали бошқа товарларнинг ҳам нархи ошишига олиб келади. Қўмита ўрганишлари натижасига кўра, Россиянинг “Лукойл” ширкати шуъбасини ўзининг бозордаги устун мавқейини суиистеъмол қилган деб топди. Яъни монополистлар реестридаги компания биржага атайлаб кам маҳсулот чиқариш орқали, нархлар ошишига эришган. Эндиликда қўмитанинг талабига кўра, “Лукойл” асоссиз олган даромадини қайтариши керак. Бироқ компаниянинг бу талабга муносабати ҳозирча маълум эмас. Талаб рад этилган тақдирда масала судда ҳал қилинади.

“Максам-Чирчиқ” кейси

Бундан ташқари, минерал ўғит нархларини ўртача 10 фоиздан 15 фоизгача асоссиз оширгани учун “Максам-Чирчиқ” заводига нисбатан ҳам иш қўзғатилган. Ўғитлар нархи ошиши келгусида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархи қимматлашига олиб келади. Ҳозирча бу иш натижаси бўйича қўмитанинг қарори эълон қилинганича йўқ.

“Корзинка” кейси

Муҳокамаларга сабаб бўлган кейслардан яна бири – “Корзинка” супермаркетлар тармоғининг реклама қонунчилигини бузган деб топилиши бўлди. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш органига кўра, “Корзинка”да “энг арзон нарх” деб эълон қилинган муайян турдаги маҳсулотларнинг нархлари бошқа супермаркетлар ва деҳқон бозорларида сотилаётган худди шу турдаги маҳсулотлар нархларидан фарқ қилмайди. Бу эса харидорларни чалғитиши мумкин. Давлат органи мамлакатдаги энг йирик супермаркетлар тармоғини жаримага тортиш учун судга ариза киритишини маълум қилган.

“Корзинка” бу айбловни асоссиз деб ҳисобламоқда. Супермаркетлар тармоғи асосчиси Зафар Ҳошимовнинг сўзларига кўра, “Кундалик харидларга энг арзон нарх” – бу реклама кампанияси эмас, балки “Корзинка”нинг янги нарх сиёсати ҳисобланади. Бу дастур доирасида энг харидоргир маҳсулотлар нархига супермаркет қўядиган устамалар пасайтирилгани, чакана савдода ҳеч қайси сотувчи кундалик товарлар учун “Корзинка”чалик кенг қамровли ва доимий паст нархларни бермаётгани айтилмоқда. Шу тариқа, бу кейснинг якуни судда ҳал бўлиши кутилмоқда.

“Инсон” суғурта ташкилоти

Бундан ташқари, шу ой давомида Рақобат қўмитаси “Инсон” суғурта ташкилотига нисбатан ҳам иш қўзғатди. Суғурта компанияси ҳайдовчилар сони чекланмаган ҳолда фойдаланиш шарти билан расмийлаштирилган электрон суғурта полислари бўйича суғурта товонини тўлаб бермагани бунга сабаб бўлган.

20 млрд сўм асоссиз даромад олган кластерлар

Қонунбузар деб топилган компаниялар рўйхатида кўплаб пахта тўқимачилик ва ёғ-мой кластерлари ҳам бор. Улар биринчи ярим йиллик давомида биржадаги манипуляциялар орқали жами 20 млрд сўм асоссиз даромад олган, деб топилди. Қўмитанинг қайд этишича, агар бу ҳолатга чора кўрилмаса, кластерларнинг ҳийласи охир-оқибат озиқ-овқат ва трикотаж маҳсулотлари қимматлашишига олиб келган бўларди.

Ортиқча тўлов ҳисоблаган ҲЭТ

Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасига 115 млн сўмлик қўшимча тўлов ҳисоблагани учун Бухоро ҳудудий электр тармоқлари корхонасига ҳам иш қўзғатилди. Амалдаги қонунчиликка кўра, диний ташкилотлар коммунал хизматларга тўловларни аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича тўлайди. Аммо Бухоро ҳудудий электр тармоқлари Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасига амалда белгиланган тарифларни ошириб қўллаган.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил ноябр ойида Шоҳруҳ Шораҳмедов Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси лавозимидан озод этилганди. Қўмитага янги раҳбар шу йил июн ойига келибгина тайинланди. Бунгача Олий суд раиси ўринбосари бўлиб ишлаб келган Халилилло Тўрахўжаев Рақобат қўмитасидаги фаолиятининг илк кунларида катта йиғилиш ўтказиб, қўмита фаолиятининг сустлигини танқид қилди, бир қатор мансабдорларга огоҳлантириш берди.

Маълумот учун, Халиллулло Тўрахўжаев 2017-2020 йиллар оралиғида Давлат хизматлари агентлиги директори лавозимида ишлаган ва шу пайтда “фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади” шиори остида қоғозбозликка қарши фаол курашгани билан ўзининг ижобий имижини яратгани айтилади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Янги раҳбар қўл остида: Рақобат қўмитаси сезиларли фаоллашди