Сув нархи ошиши мумкинлиги норозилик уйғотди

Ўзбекистонда байрамолди кайфияти бу йил ўзига хос тус олди: кран сувидаги хлор ҳиди ва квитанциялардаги эҳтимолий ўзгаришлар муҳокамаси кун тартибига чиқди. “Ўзсувтаъминот” атрофидаги янги изоҳлар эса кўпчиликда битта саволни туғдирди: гап хизматни яхшилашдами ёки харажатларни аҳоли чўнтагига юклашдами. Бу ҳақда upl.uz хабар беради.
Компания таққослаш учун “кучли рақам”ни ўртага ташлади: кран суви литри 3,3 сўм, идишдаги сув эса 4000 сўм. Бироқ ижтимоий тармоқлардаги мунозараларда бу қиёс спорт тилида айтганда “ўйинни бошқа майдонга кўчириш” сифатида баҳоланди: кран суви ҳаётий зарурат, бутилкаланган сув эса танлов маҳсулоти.
Фуқаролар фикрича, асосий муаммо “билет арзон”лигида эмас, тизимнинг қандай бошқарилаётганида. Агар сув таъминоти тизими тез-тез носоз бўлса, узилишлар кўпайса ва сифати савол остида қолса, тарифни кўтариш ечим эмас, аввало хизмат стандартини тиклаш зарур.
Баҳс марказида электр энергияси харажатлари ҳам турибди: “Ўзсувтаъминот” тарифлар ошгани, бир кВт·соат 1000 сўмгача чиққанини ҳақида гапирмоқда. Аммо жамоатчилик “нега истеъмолчи эскирган ускуналарнинг самарасиз ишлаши учун ҳам тўлаши керак” деган позицияни илгари сурмоқда: кўплаб насослар эски, электрни кўп ютади, модернизация эса секин кетаётгандек.
Кейинги “оғриқли нуқта” — тармоқлардаги йўқотишлар. Энг оптимистик баҳоларда ҳам қувурларда сувнинг 35–40 фоизи йўқолаётгани айтилади. Яъни қиммат электр ва реагентлар сарфланиб кўтарилган сувнинг салмоқли қисми истеъмолчигача етиб бормайапти, бу ҳолатда нархни ошириш кўпчилик назарда “тешик челекни босимни кучайтириб тўлдириш”га ўхшайди.
Яна бир далил сифатида уч йилда абонентлар сони 1 миллионга кўпайгани келтирилади. Аммо мунозара иштирокчилари иқтисодий мантиққа таяниб, аксинча, мижозлар кўпайгани сари хизмат таннархи пасайиши кераклигини эслатмоқда. Уларнингча, агар абонентлар базаси 10–15 фоиз кенгайиши тизимни молиявий сиқиб қўйса, демак, режалаштириш ва бошқарувда жиддий бўшлиқ бор.
Шунингдек, тарифларни ҳудудий даражада тасдиқлаш кечиккани сабаб 128 миллиард сўм “зарар” юзага келгани ҳам тилга олинади. Аҳоли эса бу масалани идоралараро келишмовчиликнинг оқибати деб билиб, унинг масъулияти маҳалла аҳолиси зиммасига тушмаслиги кераклигини таъкидламоқда.
Энг кўп савол туғдираётган нуқталардан бири — ташқи кредитлар. Қайд этилишича, ҳар бир тўловнинг 9 фоизи хорижий қарзларни сўндиришга кетади. Фуқаролар: “Кредитлар тизимни замонавий ва тежамкор қилиш учун олинган бўлса, нега ҳануз эскирган насослар ва зарар кўриш ҳақида эшитаяпмиз?” дея натижа сўрамоқда.
Якунида ижтимоий тармоқларда сув нархи ошиши мумкинлигидан норози кайфият кучайди. Ўзбекистонликлар муаммоларни тарифлар ҳисобига эмас, аввало тармоқларни таъмирлаш, йўқотишларни қисқартириш ва ташкилот харажатларини тўғри оптималлаштириш орқали ҳал қилиш керак, деган фикрни илгари сурмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!