Интернетда ҳақорат қилганлик учун 176 миллион сўмгача жарима белгиланиши мумкин

Телеграм, Instagram, Facebook ва бошқа интернет платформаларида инсоннинг шаъни ва қадр-қимматини ҳақоратли тарзда камситиш қонуний жавобгарликка олиб келиши мумкин. Айрим ҳолатларда бундай қилмиш учун 176 миллион сўмгача жарима тайинланиши эҳтимоли бор.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 140-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ, ҳақоратни оммавий тарзда, жумладан, интернет ёки телекоммуникация тармоқларида эълон қилиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваридан 400 бараваригача жарима белгиланган. Шунингдек, қонунда 240 соатдан 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки бир йилдан икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари каби жазолар ҳам назарда тутилган.
2026 йил 1-сентябрдан БҲМ 440 минг сўм этиб белгиланган. Шу ҳисобда жарима миқдори 88 миллион сўмдан 176 миллион сўмгача етиши мумкин. Бироқ бу энг юқори ва энг қуйи чегаралар бўлиб, ҳар бир ҳолатда максимал жарима тайинланади дегани эмас.
Шуни ҳам унутмаслик керакки, ҳар қандай танқид ёки келишмовчилик ҳақорат ҳисобланмайди. Ҳуқуқий баҳо билдирилган фикрнинг мазмуни, шакли ва ишнинг бошқа ҳолатларини инобатга олган ҳолда берилади.
Агар интернетда ҳақоратга дуч келсангиз, хабарлар ва изоҳларнинг скриншотларини, саҳифа ҳаволасини, аккаунт номини ҳамда эълон қилинган сана ва вақтни сақлаб қўйинг. Ушбу маълумотлар ҳолатни текширишда далил сифатида аҳамиятли бўлиши мумкин.































Изоҳлар 0
…