10:02 / 15.06.2021
1 715

Ўзбекистонда телемедицина йўлга қўйилиши мумкин


Ҳиндистон Ўзбекистонга телемедицина соҳасида қиймати 400 минг доллар сармояли тайёр лойиҳаси бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф қилди. Бу ҳақда Инвестициялар ва савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 10 июнь куни Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси кўмагида Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацияларни жорий қилиш ва технологиялар трансфери миллий офиси томонидан Ҳиндистон билан янги технологияларни Ўзбекистонга трансфер қилиш ва маҳаллийлаштириш масалалари бўйича онлайн учрашув бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида инновациялар, янги технологиялар трансфери, технологияларни тижоратлаштириш каби масалалар бўйича муҳокамалар олиб борилди.

Миллий офис вакиллари Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Миллий офис фаолияти билан ҳамкорларни таништириб ўтди. Ҳиндистон томон эса онлайн телемедицина платформаси тақдимотини қилди. Улар телемедицина соҳасида қиймати 400 минг доллар сармояли тайёр лойиҳаси бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш таклифини билдирди.

Шунингдек, келгусида стартапларни қўллаб-қувватлаш, янги технологиялар бўйича вебинарлар, мутахассисларнинг ўзаро тажриба алмашиши ва дастурлар соҳасида алоқаларни кенгайтиришга катта қизиқиш билдирилган.

Қайд этилишича, тақдим этилган лойиҳа Ўзбекистондаги фуқароларга мамлакат ҳудудини тарк этмаган ҳолда маҳаллий ва энг кучли хорижий мутахассисларнинг керакли маслаҳатларини олиш имкониятини бериб, беморларнинг вақти, маблағларини тежашга ёрдам беради.

Ҳозирда Ҳиндистонда ушбу платформадан, асосан, хусусий секторда кенг фойдаланилади. Бундан ташқари, Испания, Мексика, Сингапур ва Непал каби давлатларда ҳам ушбу платформа жорий этилиб, ҳамкорлик йўлга қўйилганлиги таъкидланган.

Учрашув якунида Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида янги технологиялар трансферини ривожлантириш ҳамда мазкур телемедицина лойиҳаси бўйича тегишли мутахассис ва экспертлар билан ўрганиб чиққан ҳолда учрашув ташкил этишга келишиб олинди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда телемедицина йўлга қўйилиши мумкин