Нарендра Моди Ўзбекистонга ташрифига тайёргарлик бошлангани маълум бўлди

Нарендра Моди Ўзбекистонга ташрифига тайёргарлик бошлангани маълум бўлди
Қисқача

Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг Ўзбекистонга расмий ташрифига тайёргарлик ишлари бошланган. Бу масала Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовнинг 2–5 август кунлари Ҳиндистонга амалга оширган расмий ташрифи доирасида муҳокама қилинган. 3 август куни Ню-Деҳлида Субраманям Жайшанкар билан ўтказилган музокараларда стратегик шериклик ва амалий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилган.

Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг Ўзбекистонга расмий ташрифи кутилаётгани маълум бўлди. Бу ҳақда ANI агентлиги хабар тарқатди.

Нашр маълумотига кўра, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовнинг шу кунларда Ҳиндистонга амалга оширган тўрт кунлик расмий ташрифи, аввало, Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг Ўзбекистонга кутилаётган ташрифига пухта тайёргарлик кўришга қаратилган. Шу билан бирга, вазир икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик ва икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаган.

Жорий йилнинг 3 август куни Нью-Деҳли шаҳрида Ҳиндистон Ташқи ишлар вазири Субраманям Жайшанкар билан делегациялар иштирокида бўлиб ўтган музокаралар давомида Саидов икки мамлакат раҳбарияти ўртасидаги мунтазам мулоқот изчил давом этаётганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, учрашувлар стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш ва амалий ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади.

“Биз атиги 10 кун олдин телефон орқали жуда кўп масалаларни муҳокама қилган эдик. Ушбу учрашувларнинг асосий мақсади ҳам Бош вазир Нарендра Модининг Ўзбекистонга кутилаётган ташрифига тайёргарлик кўришдан иборат”, — деди Бахтиёр Саидов.

Вазир ушбу ташрифни мамлакатлар ўртасидаги доимий сиёсий мулоқотнинг мантиқий ва амалий давоми деб атади. Шунингдек, Ўзбекистон ва Ҳиндистон халқаро майдонлар ҳамда турли тадбирлар доирасидаги учрашувлардан ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш учун самарали фойдаланиб келаётганини таъкидлади.

Саидовнинг қайд этишича, унга ва Ўзбекистон делегациясига берилган асосий вазифалардан бири ҳам айнан Ҳиндистон Бош вазирининг Ўзбекистонга ташрифига тайёргарлик ишларини мувофиқлаштириш ҳисобланади.

Шу билан бирга, у мазкур ташриф икки мамлакат ўртасидаги муносабатларга янги суръат бағишлаши, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва сиёсий ҳамкорликни янада ривожлантириш учун муҳим имконият яратишини таъкидлади.

Бахтиёр Саидов Ҳиндистонни Ўзбекистоннинг Жанубий Осиёдаги энг муҳим стратегик ва савдо ҳамкорларидан бири деб атаб, Нью-Деҳли билан ҳамкорлик изчил равишда мустаҳкамланиб бораётганини билдирди.

Маълумот учун, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири 2–5 август кунлари расмий ташриф билан Ҳиндистонда бўлди. Ташриф доирасида у мамлакат Президенти Друпади Мурму билан учрашди, шунингдек, ташқи ишлар вазири Субраманям Жайшанкар билан музокаралар ўтказди.

Учрашувлар давомида томонлар стратегик шерикликнинг бугунги ҳолатини атрофлича муҳокама қилди. Хусусан, энергетика, инфратузилма, савдо, мудофаа, таълим ва маданият соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Жайшанкар ҳам музокаралар якунлари бўйича ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Бахтиёр Саидов билан самарали учрашув ўтказилганини маълум қилиб, икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашга келишиб олинганини таъкидлади.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар