08:23 / 23.02.2022
812

Ўзбекистонлик олимлар коронавируснинг олдини олишга мўлжалланган сут яратди

Ўзбекистонлик олимлар коронавируснинг олдини олишга мўлжалланган сут яратди
Ўзбекистонлик олимлар сигир ва эчкиларни ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси билан эмлаш орқали коронавирусга қарши нейтраллаштирувчи антикорлари бўлган сутни ишлаб чиқди. Бу бўйича bioRxiv журналида мақола эълон қилинди.

Қайд этилишича, тадқиқотчилар COVID-19 га қарши эмланган ёки касалликдан тузалган аёлларнинг сутида коронавирусга антикор борлигини пайқаган. Шунда коронавирусга қарши эмланган сигир ва эчки сутидан аҳолининг иммунитетини оширишда фойдаланиш таклиф қилинган.

Олимлар уй эчкилари ва сигирларини ўзбек-хитой вакцинаси билан уч марта эмлаган. Биринчи эмлашдан икки ҳафта ўтгач, жониворлар танасидаги зардобда нейтраллаштирувчи антикорлар аниқланган. Тажрибалар антикорлар коронавирусни муваффақиятли зарарсизлантиришини кўрсатган. Самарадорлик қон зардобида 100 фоизга, сутда 40 фоизга етган.

«Ҳақиқатан ҳам биз истеъмол қиладиган сутда антитаналар мавжуд. Агар сиз сигир ёки эчкини ковидга қарши вакцина билан эмлаган бўлсангиз, уларда сезиларли миқдорда антитаналар бўлади. Бундан ташқари, сигир сутида одатда сигир патогенларига қарши бошқа антитаналар мавжуд», — деган Москва физика-техника институти геномик муҳандислик лабораторияси мудири Павел Волчков.

Тадқиқот Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлигининг илмий гранти томонидан қўллаб-қувватланган. Вазирлик ва Австрия тиббиёт университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган.

Тадқиқот концепцияси ва натижалари патентлаш учун Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигига тақдим этилган.

bioRxiv журнали 2013 йил ноябрида Жон Инглиш ва Ричард Север томонидан асос солинган биология фанлари учун очиқ ва бепул маълумотлар базаси ҳисобланади. Архив Меtа компанияси асосчиси Марк Цукерберг ва унинг рафиқаси Присцилла Чан томонидан ташкил этилган Chan Zuckerberg Initiative фонди билан ҳамкорлик қилади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонлик олимлар коронавируснинг олдини олишга мўлжалланган сут яратди