ИИБ ходими вояга етмаган қиз билан боғлиқ ишда қўлга олинди

Андижон вилоятида вояга етмаган шахс билан боғлиқ оғир жиноят юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси маълум қилди.
Дастлабки маълумотларга кўра, 2010 йилда туғилган вояга етмаган У.М исмли қизнинг йўқолиб қолиши бўйича Қўрғонтепа туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Текширув давомида қизнинг Ички ишлар вазирлиги тизимидаги вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида ишлаган С.Б. билан боғлиқ ҳолда Андижон шаҳридаги кўп қаватли уйга олиб борилгани ва у ерда қонунга зид ҳаракат содир этилгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан С.Б.га нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодекси 128-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) 3-қисми “в” банди бўйича жиноят иши қўзғатилиб, суд қарорига асосан у қамоққа олинган. Ҳозирда иш бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Вилоят прокуратураси ушбу ишни алоҳида назоратга олган бўлиб, якуний ҳуқуқий қарор қонунчиликка мувофиқ қабул қилиниши билдирилган.
Инсон ҳуқуқлари фаоллари ҳам мазкур ҳолат юзасидан ўз муносабатларини билдириб, хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш билан боғлиқ жиноятлар қатъий жазоланиши кераклигини таъкидлашмоқда.
Айни пайтда тергов сир сақланмоқда ва қўшимча маълумотлар расмий органлар томонидан берилиши кутилмоқда.





























Изоҳлар 0
…