Андижонда бекатда ёнғин: қисқа фурсатда ўчирилган ҳодиса тафсилотлари

Бугун, 6 июн куни Андижон вилояти Андижон шаҳрида жойлашган бекатлардан бирида ёнғин ҳодисаси юз берди. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълум қилди.
Дастлабки маълумотларга кўра, соат 16:20 атрофида 112 қисқа рақами орқали “Яхши” МФЙ, Пирмуҳамедов кўчасида жойлашган йўл бўйидаги бекатда тутун ва алангаланиш кузатилгани ҳақида хабар келиб тушган.
Шундан сўнг ёнғин-қутқарув бўлинмалари зудлик билан воқеа жойига йўл олиб, орадан атиги 5 дақиқа ўтиб манзилга етиб борган. Тезкор чоралар натижасида ёнғин қисқа вақт ичида, яъни соат 16:32 га келиб тўлиқ бартараф этилган.
Ҳодиса оқибатида бекатнинг тахминан 20 квадрат метр майдони зарар кўрган. Яхшиямки, ёнғин пайтида жабрланган ёки тан жароҳати олган фуқаролар аниқланмаган.
Мутасаддилар томонидан ҳодиса сабаблари ўрганилмоқда.





























Изоҳлар 0
…