Янгийўлда эркак ҳомиладор турмуш ўртоғини пичоқлади

Янгийўлда эркак ҳомиладор турмуш ўртоғини пичоқлади
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳрида икки ойлик ҳомиладор аёл ўз турмуш ўртоғи томонидан пичоқланиб, оғир жароҳатлар билан шифохонага ётқизилди.
  • Жабрланувчининг сўзларига кўра, эр-хотин ўртасидаги можаро унинг болани олдирмаслиги ва ажрашиш нияти сабабли келиб чиққан.
  • Шифокорларнинг маълум қилишича, кўп қон йўқотган беморга жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, ҳозирда унинг аҳволи қониқарли деб баҳоланмоқда ва ҳомилани сақлаб қолиш чоралари кўрилмоқда.

Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳрида турмуш ўртоғи томонидан пичоқланган икки ойлик ҳомиладор аёл шифохонага ётқизилди.

Маълумотларга кўра, воқеа жорий йилнинг 30 май куни соат 17:00 атрофида содир бўлган. Жабрланувчининг айтишича, у 5 апрель куни турмуш қурган бўлиб, ҳозирда бир ярим ойлик эгизак ҳомиласини кўтариб юрган.

Аёлнинг таъкидлашича, турмуш ўртоғи аввал ҳам унга бир неча бор пичоқ билан таҳдид қилган. Шунингдек, қайнонаси билан келишган ҳолда уни шифокорга олиб бориб, ҳомилани олдиришга уринган. Жабрланувчининг сўзларига кўра, воқеа куни эр-хотин ўртасида суҳбат бўлган ва у болани олдирмаслигини ҳамда ажрашиш нияти борлигини билдирган. Шундан сўнг, атрофда бир неча киши бўлишига қарамасдан, эркак унга кетма-кет бир неча марта пичоқ урган ва воқеа жойидан қочиб кетган.

Янгийўл шаҳар тиббиёт бирлашмаси шифокорининг маълум қилишича, бемор қорин олди девори, кўкрак қафаси ва чап елка соҳаларида кўплаб санчилган-кесилган жароҳатлар ҳамда кўп қон йўқотиш ҳолати билан олиб келинган. Унга зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатилиб, жарроҳлик амалиёти ўтказилган.

Ҳозирда беморнинг аҳволи қониқарли деб баҳоланмоқда. Шифокорлар ҳомилани сақлаб қолиш бўйича зарур чоралар кўрилаётганини, ҳозирча болаларнинг ҳолати яхши эканини маълум қилди.

Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизмати маълумотига кўра, гумонланувчи воқеа содир бўлган куннинг ўзида ички ишлар ходимлари томонидан қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Янгийўл шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда. Қайд этилишича, тергов якунлари ва суд қарорига мувофиқ айбдор шахсга нисбатан қонуний чоралар кўрилади.

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар