Дам олиш кунлари иссиқлик кучаяди

Дам олиш кунлари иссиқлик кучаяди

Ўзбекистонда ҳафтанинг охирига келиб ҳаво яна исий бошлайди. Синоптиклар маълумотига кўра, дам олиш кунларида республика ҳудудларининг аксариятида қуруқ ва нисбатан иссиқ об-ҳаво ҳукм суради.

“Ўзгидромет” прогнозларига кўра, 5 июнь куни айрим ҳудудларда қисқа муддатли ёмғир ва момақалдироқ кузатилиши мумкин. Хусусан, Тошкент, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари ҳамда Фарғона водийсининг баъзи туманларида ёғингарчилик эҳтимоли сақланиб қолади.

Республиканинг қолган ҳудудларида эса асосан қуруқ об-ҳаво кузатилиб, кундузги ҳарорат 28-33 даража атрофида бўлади. Жанубий вилоятларда ҳаво 36 даражагача исиши мумкин.

6 ва 7 июнь кунлари мамлакатнинг катта қисмида ёғингарчилик кутилмаяпти. Фақат Фарғона водийси ва Қорақалпоғистоннинг айрим ҳудудларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин.

Мутахассислар таъкидлашича, дам олиш кунлари ҳарорат босқичма-босқич кўтарилиб, якшанба куни айрим жойларда 34-37 даражагача етади.

Шамол тезлиги секундига 7-12 метрни ташкил этади. Айрим ҳудудларда шамол кучайиб, чанг-тўзонлар кузатилиши мумкин. Республика шимолида эса шамол тезлиги 20-22 метр/секундгача етиши эҳтимоли бор.

Тоғли ва тоғолди ҳудудларда эса ёмғир ва момақалдироқлар сақланиб қолади. Айрим жойларда сел ва сув тошқини хавфи ҳам мавжуд.

Тошкент шаҳрида бугун куннинг иккинчи ярмида қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин. Бироқ шанба ва якшанба кунлари пойтахтда қуруқ об-ҳаво кузатилиб, ҳарорат 36 даражагача кўтарилиши кутилмоқда.

Синоптиклар маълумотига кўра, жорий ёз мавсуми давомида айрим кунларда ҳаво ҳарорати экстремал кўрсаткичларга яқинлашиши мумкин. Ёзнинг энг иссиқ паллаларида айрим ҳудудларда ҳарорат 44 даражагача, чўл ва жанубий минтақаларда эса 47 даражагача кўтарилиши эҳтимол қилинмоқда.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Kamola Shuhratova
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар

Дам олиш кунлари иссиқлик кучаяди – Zamin.uz, 05.06.2026