15:13 / 11.03.2023
387

Рақиб ўйини таҳлили: Австралия Ўзбекистон учун қай даражада хавфли?

Рақиб ўйини таҳлили: Австралия Ўзбекистон учун қай даражада хавфли?

11 март санасида Равшан Ҳайдаров бошқарувидаги Ўзбекистон U20 терма жамоасини чинакам синов кутиб турибди. Ўртага Жаҳон чемпионати йўлланмаси тикилган, рақиб - Австралия. Хўш, “кенгурулар” қай даражада кучли? Рақибнинг ожиз нуқталари нимада?

Ўйин услуби

“Кенгурулар” ўйин стилистикаси ва футболчилар жойлашуви борасида жамоамизга жуда ўхшаш. Биз сингари 4-2-3-1 схемасидан фойдаланади, аммо кўпроқ қарши ҳужумга таянган футбол намойиш этади. Австралия тўп назоратидан кўра тезкорликни хуш кўради. Айнан шу фактор сабабли жамоа катта куч билан олдинга ўтиш ва дарров ортга қайтишга қодир. Бутун баҳс давомида прессингда ишлайди. Қанотлардан кўра, майдон марказидаги устунликка кўпроқ интилади. Бу уларга рақибни эртароқ кутиб олиш ва имкон бўлиши билан тезкор ҳужум бошлаши учун замин яратиб бериши мумкин. Австралия тўп билан ҳаракат қилган пайтига қараганда тўпсиз хавфлироқ жамоа. Майдон маркази ва ҳимоя чизиғи ўртасидаги боғламлар аъло даражада йўлга қўйилган. Шу боис, 3-4 сония ичида тезкор қарши ҳужум яратиши мумкин. Ярим ҳимоячи образида майдонга тушган қанотдаги йигитлар эса, вазият тақозо этганида бемалол марказий ҳужумчи билан бир чизиққача бориб, олдинда 3 ҳужумчи бўлиб ўйнаши кўп бор кузатилди.

Айниқса, Эрон билан гуруҳдаги ўйин сўзимизга исбот бўла олади. Услуб борасида “кенгурулар” биз учун бироз ноқулайликлар туғдириши мумкин. Иккинчи қаватдаги курашлар, марказдаги кучли прессинг ва тўпсиз яхши ҳимояланиш орқали рақиб “оқ бўрилар”нинг кўплаб "фишка"ларини ишдан чиқариши хавфи бор. Равшан Ҳайдаров жамоаси Индонезия билан учрашувда рақибнинг тартибли ҳимоясини ёриб ўтишга қай даражада қийналганини барчамиз кўрдик. Тўғри, Австралия у қадар чуқур ҳимояланмаслиги аниқ, деб ўйлашингиз мумкин, аммо айнан шундай ҳимоя блогини “кенгурулар” катта эҳтимол билан майдон марказига жойлаштиради. Яъни, рақиб ўз жарима майдончасида эмас, марказда бизни катта куч билан кутиб олишга уринади. Биздан фарқли ўлароқ, Австралия тўпсиз ҳам майдонда ўзини яхши ҳис этиши, қанотдаги тезкор вингерлари содир этадиган қарши ҳужумларга таяниши мумкин. Рақиб иккинчи рақамда кескин ҳужум уюштиришга одатлатган.

Асосий фигуралари кимлар?

Таркибда ижрочилар борасида ҳам “катта” номлар бор, бироқ уларнинг ҳеч бири жамоавий ўйиндан бир бош баланд эмас. Барчаси яхлит механизмда винт вазифасини бажарувчилар мақомида. Шунга қарамай, алоҳида эътироф этишга лойиқ ижрочилари бор. Масалан, 2-рақамдаги марказий ҳимоячи Жошуа Равилинс Австралиянинг барча ҳужумларини бошлаб беради. У нафақат жисмонан бақувват, балки стандарт вазиятларда ҳам жуда хавфли. Жамоа сардори керакли паллада тўпни ўзида сақлаганча, прессингнинг биринчи блогини ёриб ўтиши ҳам мумкин. Аслида, Тревор Морган ҳеч қайси бир футболчи жамоавий ўйиндан баланд бўлмаслигини, барча бирдек меҳнат қилишини шогирдларидан талаб қилади. Шунга қарамай, 9-рақамдаги Габриель Папович бизнинг жарима майдончамиз ичида яхшигина муаммолар содир этиши мумкин.

Ўзбекистон қандай "ответ" қилади?

Кун тартибидаги асосий масала бизнинг қандай ўйин схемасидан фойдаланишимиз. Равшан Ҳайдаров 3 ёки 4 ҳимоячига мўлжалланган стратегиядан бирини танлаши керак бўлади. Хўш, биз учун қай бири қулайроқ? Агар орқа чизиқда 4 футболчи билан ҳаракатлансак, мудофаадагиларга бироз кўпроқ юклама тушади, аммо ҳужумда каттароқ кучни ушлаб туришимиз мумкин. Яъни, очиқ футбол намойиш этамиз.


Агар 3 та соф "центрдеф" билан ҳаракатлансак, катта оғирлик олдиндаги ҳужум учлигига тушади, бироқ марказ ва ортги зоналарда бизникилар сон жиҳатидан кўпроқ ҳаракатланиши мумкин. Мураббий мана шу икки ўйин режасидан қайсини танлаши ўйиннинг боришини белгилаб беради.

Майдондаги ресурслар борасида сўз борар экан, бу баҳсда ғолиб чиқиш учун икки ҳисса куч билан ҳаракат қилишга тўғри келади. Австралия тезкор, ҳимояда тартибли. Боз устига, бизнинг асосий кучимиз йиғилган марказда зич ўйнаб, бор кучини ҳар бир нуқтани беркитишга ташлайди. Демак, етакчиларимиз ўйин тақдирини ўз қўлига олиши шарт. Пўлатхўжа Холдорхонов, Аббосбек Файзуллаев ва Умарали Раҳмоналиев бугун бир эмас, икки киши учун майдонда тўп суриши шарт. Етакчилар ҳақида сўз борар экан, бизнинг лидерлар рақибникидан кучлироқ эканлигини таъкидлаш лозим. Айнан улар бу беллашувнинг ҳал қилувчи эпизодларида енгиб чиқиши лозим. Шунингдек, бугун стадионни тўлдириши кутилаётган ишқибозлар ҳам қўшимча ресурс бўлиб хизмат қилиши тайин. "Бунёдкор" аренасидаги атмосфера йигитларимиз фойдасига иш беришига умид қиламиз.Сизнингча, бу учрашувда қандай натижа қайд этилади?

Яҳёхўжа Улуғхўжаев

Манба: Sports.uz


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Рақиб ўйини таҳлили: Австралия Ўзбекистон учун қай даражада хавфли?