ЖЧ-2026 олдидан жиддий синов: Хорватия ўз уйида Белгияга мағлуб бўлди

ЖЧ-2026 олдидан жиддий синов: Хорватия ўз уйида Белгияга мағлуб бўлди

Шимолий Америка яшил майдонларида старт оладиган Жаҳон чемпионати олдидан терма жамоалар сўнгги тайёргарлик босқичини ўтказишмоқда. Мана шундай қизғин паллада Европанинг икки гранд жамоаси — Хорватия ва Белгия терма жамоалари Хорватиянинг Риека шаҳрида ўзаро куч синашишди. Муросасиз ва шиддатли кечган ўртоқлик учрашувида меҳмонлар — белгияликлар 2:0 ҳисобидаги ишончли ғалабани қўлга киритишди.

Гарчи ўйин дўстона мақомда ўтган бўлса-да, майдонда ҳақиқий ЖЧ ҳавоси сезилиб турди. Ҳар икки жамоа мураббийлари бўлажак мундиал олдидан ўз тактик схемаларини ва футболчиларнинг жисмоний ҳолатини яна бир бор кўздан кечириб олишди.

Тилеманс ва Лукакудан голлар шоуси

Учрашув кутилганидек меҳмонларнинг фаоллиги остида бошланди. Вазиятларни голга айлантиришда аниқроқ ҳаракат қилган белгияликлар баҳснинг 38-дақиқасида ҳисобни очишга муваффақ бўлишди. Жамоа сардори Юри Тилеманс хорватлар дарвозасини аниқ нишонга олиб, ўз терма жамоасини олдинга олиб чиқди.

Учрашувнинг иккинчи бўлимида хорватлар мувозанатни тиклаш учун қанчалик ҳаракат қилишмасин, Белгия мудофааси ишончли ўйнади. Ўйин тугаши арафасида эса майдонга захирадан қўшилган тажрибали ва баҳайбат ҳужумчи Ромелу Лукаку ўзининг бор маҳоратини намойиш этди. У учрашувнинг асосий вақтига қўшиб берилган 90+6-дақиқада хорватлар дарвозабонини ожиз қолдириб, меҳмонларнинг якуний зафарини таъминлади.

Белгияда янги юлдуз дебюти ва бўлажак баҳслар

Белгия терма жамоаси бош мураббийи Руди Гарсия ушбу баҳсда янги номларни синаб кўришга ҳам улгурди. Франциянинг «Лиль» клуби шарафини ҳимоя қилувчи иқтидорли форвард Матиас Фернандес-Пардо ушбу учрашувда миллий терма жамоа либосида илк бор майдонга тушди. Қизиғи шундаки, бу ёш иқтидор эгаси терма жамоада ҳали бирорта ҳам расмий ўйин ўтказмасдан туриб ЖЧ-2026 якуний қайдномасидан жой олишга улгурган эди.

Навбатдаги синовлар: ЖЧ-2026 расмий стартидан аввал ҳар икки терма жамоа мухлисларини яна биттадан назорат ўйини кутмоқда. Жумладан, Белгия терма жамоаси 6 июнь куни Африка вакили Тунисга қарши майдонга тушса, Хорватия 7 июнь куни Словения билан куч синашади.

Ўртоқлик учрашуви сарҳисоби: Хорватия – Белгия 0:2 Голлар: Тилеманс 38, Лукаку 90+6.

Бўлажак Жаҳон чемпионатида ҳар икки Европа грандига чиройли ўйинлар ва мухлисларга қувонч улашишда давом этишларини тилаб қоламиз!

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Shuhrat Razzakov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар